Генерал-полковник Александр Лапин ўзбек ҳарбийларига Россия армиясининг Суриядаги жанговар ҳаракатлари ҳақида маъруза қилиб, тажрибаси билан бўлишди. Сурияда у РФ қуролли кучлари группировкасини бошқарган.

"Генерал-полковник Александр Лапин Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи, генерал-майор Павел Эргашев билан учрашади ва минтақада хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилади.

Александр Лапин Россия армиясининг Сурия Араб Республикасидаги жанговар ҳаракатлари ҳақида маъруза ўқиб, академия шахсий таркиби билан тажрибаларини бўлишади", – деб хабар берган Россия Марказий ҳарбий округининг матбуот хизмати.

Александр Лапин икки марта Суриядаги рус қўшинларини бошқарган. Сурияга биринчи хизмат сафаридан сўнг, 2017 йилда Владимир Путин уни Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони этиб тайинлаган. 2018 йил октябридан 2019 йил январигача Сурияда иккинчи бор хизмат сафарида бўлганидан кейин унга генерал-полковник унвони берилди.

  • Лапин бошқараётган Марказий ҳарбий округ Россиядаги энг муҳим ва катта округ ҳисобланади. Бу округ Марказий Осиё йўналишидаги хавфсизлик учун ҳам жавоб беради.
  • Bellingcat тадқиқотчиларининг фикрича, Александр Лапин 2014 йилда Украина ҳудудида Малайзияга тегишли Boeing 777 учоғини уриб туширганликда гумонланаётган рус ҳарбийларидан бири. Лапин ўша пайтда Ғарбий ҳарбий округи умумқўшин армиясининг қўмондони сифатида "Бук-М1" зенит-ракета комплексини Украина ҳудудига олиб ўтишга масъул бўлган деб айтилмоқда тадқиқотда. Россия томони бу айбловларни инкор этмоқда.