«Роскосмос» бош директори Дмитрий Рогозин давлат корпорацияси ходимларининг бундан буён хорижга чиқишини қийинлаштирувчи буйруқ чиқарган. Буйруқ «Роскосмос»нинг сирларини билиши мумкин бўлган раҳбариятга тааллуқлилиги айтилмоқда.

Шунингдек, сирларни билмайдиган оддий ходимлар ҳам четга чиқишдан аввал раҳбариятнинг розилигини олиши керак.

Аввалроқ Космик қурилмалар ишлаб чиқариш илмий-тадқиқот институти директори Юрий Яскин Европага қочиб кетган эди. У иш сафари билан деб Европага боради ва ўша ердан ишда бўшаш ҳақида ариза ёзади.

Унинг қочиб кетишини «Роскосмос»да ФСБ билан биргаликда аудитор текшируви ўтказилса ўғирлик, бюджет маблағларини ўмариш факти очилиб қолишидан хавотирлангани билан боғлашмоқда.

Кейинги йилларда «Роскосмос»нинг коррупцияга ботгани, қуруқ ваъда бериши-ю амалда ҳеч вақо йўқлиги ҳақида танқидлар кескинлашган.

2019 йил январида «Роскосмос»нинг молиявий аҳволи юзасидан ўтган йиғилишда бош вазир Дмитрий Медведов корпорациянинг қуруқ гапдан нарига ўтмаётганини айтган эди.