"2 апрелдан бошлаб Xалқаро ислом академияси ва унинг қошидаги лицейда таҳсил олувчи қиз талабаларга адрас рўмолни бўйин орқасидан ўраб келишга (норасмий) рухсат берилди", – деб хабар беради BBC Ўзбек хизмати. Академия ўз веб-сайтидан рўмол муносабати билан совет пропагандаси усулида ёзилган 7 та мақолани ҳам олиб ташлаган.

"Бугун қизим лицейга борганида рўмолни ўзбекона қилиб, бўйин орқасидан ўраб кираверинглар деб рухсат беришибди. Академияда ҳам шундай қилишибди. Бир кун олдин ҳам рўмолга умуман рухсат йўқ эди. Шанба куни академияга борганимда қизлар парик тақиб ўқишга кираётган эди", – дея иқтибос келтиради BBC Uzbek талаба қизлардан бирининг отасининг сўзларини.

Бир неча BBC манбасининг айтишича, 1 апрель куни академия ректори Шуҳрат Ёвқочев маъмуриятни тўплаб мажлис қилган. Унда рўмолни ўзбекона қилиб ўрашга рухсат масаласи муҳокама қилинган.

Xалқаро ислом академияси ва рўмол масаласининг тарихи: Халқаро ислом академияси 2018 йилнинг сентябридан "форма талаблари" деб рўмол ўраган талаба қизларни ўқишга қўймай бошлаган. Аксарият қизлар ё рўмолини ечган, ё бошига парик соч тақишга мажбур бўлган. Давлат бюджети асосида ўқишга қабул қилинган Луиза Мўминжонова каби баъзи қизлар бунга рози бўлмагач, рўмол билан ўқишга қўйилмайди. Натижада 140 соатдан кўп дарс қолдирган деган сабаб билан ўқишдан ҳайдалган.

Луиза Мўминжонова ва Ислом академияси қошидаги лицейнинг яна бир талабаси Ислом академиясини диний эътиқодга қаршилик қилгани учун маҳкамага берган. Ҳозирча улар туман ва Тошкент шаҳар судларида ютқазиб, Олий судга апелляция шикоятини киритган.

Академия ўз ҳудудида рўмолга рухсат бермасликда қонунга асосланганини иддао қилади. Даъвогарлар уларнинг виждон, эътиқод эркинлиги чекланаётганини айтмоқдалар.

Судлашиш жараёнида Ислом академияси ўз веб сайтида суд муносабати билан 3 кунда совет пропагандаси усулида ёзилган 6 та мақола чоп этади (биринчиси, иккинчиси, учинчиси, тўртинчиси, бешинчиси, ва ниҳоят, олтинчиси (VPN) – услуб жиҳатидан ниҳоятда қизиқарли муносабат бўлган, ўқишни тавсия қиламиз).

Ҳижоб атрофидаги баҳслар нега муҳим: ислом олами олдида турган таҳдид ва муаммолар ўзбеклар мустақил бўлиши билан жамият ҳаётига яна шиддат-ла қайтди. Барча мусулмон мамлакатлари бу таҳдидларга ўз тарихий шароит ва имконияти, интеллектуал салоҳиятидан келиб чиқиб жавоб бераяпти.

Мана шундай муаммолардан бири "бир юртда икки жамият" зиддияти, яъни жамият дунёвийлар ва диндорлар қатламига бўлиниб қолаётганидир. Бу бўлиниш, ўз навбатида, диннинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирча бу муаммолар нисбатан "безиён" масалалар – Наврўз ёки Янги йил байрамини нишонлаш, аёллар кийими (ҳижоби ёки мини юбкаси), эркаклар соқоли устида бораяпти. Аммо шу "безиён" тортишувлар эрта бир кун жиддийроқ қиёфа касб этмаслигига ким кафолат бера олади? Томонлар бир-бирини айблашга ўтса, муаммо янада чуқурлашмайдими? Демак, вазият таранглашишининг олдини олиш учун ўзаро тушунишга асосланган мулоқот ва муроса лозим.

Жамиятимиз учун долзарб масалага айланаётган бундай муроса ва мулоқотнинг юзага келиши икки томонга ҳам бирдек боғлиқ. Дунёвий элита бу борадаги сиёсатни секуляризмнинг янги, инклюзив (барчани қамраб олувчи, очиқ) принциплари асосида қайта кўриб чиқиши, диндорлар (хусусан, диндор зиёлилар) эса, ислом динининг инклюзив ва плюралистик талқини устида ишлаши зарур.