Мьянма президенти Вин Мин Reuters ахборот агентлигининг икки журналисти – 32 ёшли Ко Ва Лона ва 28 ёшли Ко Кя Со Оони авф этди. Улар ўтган йилнинг сентябрида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Президентнинг Мьянма Янги йил байрами арафасида эълон қилинган амнистия тўғрисидаги қарори билан минглаб маҳбуслар қатори икки журналист ҳам озод этилган. Бундан олдин мамлакат Олий суди журналистларнинг апелляция аризаларини рад қилган эди. Журналистлар бир ярим йил қамоқда ўтиришган.

Бу икки журналист 10 роҳинжа мусулмони ҳарбийлар томонидан ўлдирилганини ўрганган ва бу ишлари учун Пулитцер мукофоти олишган.

"Мьянма бизнинг икки жасур журналистимиз Ко Ва Лона ва Ко Кя Со Оони озод қилганидан хурсандмиз. 511 кун муқаддам қамоққа ташлангандан буён улар матбуот эркинлиги қанчалик муҳимлигини кўрсатувчи рамзга айланиб улгуришди”, – дейди агентлик бош муҳаррири Стивен Адлер.