2020 йилдан “Баркамол авлод” республика болалар марказлари негизида Республика “Ижодкор болалар” мактаблари ташкил этилади. Республика бўйлаб ҳар бири 200 ўқувчига мўлжалланган 68 та шундай мактаб очилади.

Ушбу мактабларни ташкил этишдан мақсад:

  • мактабдан ташқари таълим самарадорлигини ошириш;
  • ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш;
  • уларда рассомлик, ҳайкалтарошлик, мусиқа каби йўналишларда турли тўгараклар ташкил қилиш.

“Ижодкор болалар” мактабларида:

  • 2020 – 2021-ўқув йилидан бошлаб, “STEAM – таълим” (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – мухандислик, Art – санъат, Mathematics – математика) дастури тўлиқ жорий этилади.
  • “Ижодкор болалар” мактабларида болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш мақсадида “Bolalar texnoparki” лойиҳалари ташкил этилади.
  • Робототехника, мехатроника, муҳандислик ва компьютер дастурий таъминоти йўналишларидаги тўгаракларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
  • “Ижодкор болалар” мактабларида олиб бориладиган машғулотлардан ташқари тўгарак раҳбарлари пулли хизматлар ҳам очиши мумкин.
  • Ўзбекистон ва хорижий давлатлар маданияти, урф-одатлари, диққатга сазовор жойлари билан ўқувчиларни яқиндан таништиришга қаратилган онлайн саёҳатларни ўз ичига олган виртуал 3D майдонлар ташкил этилади.
  • Тўгарак аъзоларининг ижодий ишлари сотувини йўлга қўйиш мақсадида “Art shop” электрон дўконлари ташкил этилади.

Ушбу мактаблар асосан Халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташкил қилинади. Халқ таълими вазирлиги уларнинг фаолияти ва самарали ишлашини назорат қилади.

Мактабдан ташқари таълим бўйича турли тўгараклар, курслар ташкил қилган тадбиркорлар ушбу мактаблар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

Бундай мактаблар нимаси билан муҳим?

  • Умумтаълим мактаблари барча ўқувчиларга, қобилияти, қизиқишидан қатъи назар, бирдек таълим беради. Яъни ўқувчининг индивидуал ўзига хослиги ҳисобга олинмайди. Мактабдан ташқари таълим орқали эса ўқувчилар ўз қизиқиши бўйича, ўзига қулай вақтда тўгаракларга қатнашиши мумкин бўлади. Ўқувчиларни мактабданоқ ўз қобилиятига кўра йўналтириш имкони пайдо бўлади.
  • Уларда шу пайтгача етарлича эътибор қаратилмаган, аммо мамлакат тараққиёти учун муҳим йўналишлар – техника, муҳандисликка алоҳида эътибор қаратилиши ўқувчиларни кейинчалик ушбу соҳалар бўйича олий ўқув юртларида таълим олиб, етук мутахассис бўлиб етишишига кўмак беради.
  • Таълим бўйича фаолият юритаётган тадбиркорлар билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши бу мактабларда нисбатан эркинроқ муҳит, инновацион таълим учун шароит яратади.