Уйини долларга сотган фуқаронинг жавобгарликка тортилгани ёлғон бўлиб чиқди. Бош прокуратуранинг раддияси бу хабарлар чиққанидан 4 кун ўтиб эълон қилинмоқда.

"Расман маълум қиламизки, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан бундай тадбир ўтказилмаган ва ўз-ўзидан фуқаролар Р.Т. ҳамда Н.Л.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 177- ва 189-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилмаган", – дейилади БП матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

11 майда Kun.uz Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига асосланиб, икки хонали уйни 25 минг АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтда сотувчи ва харидор қўлга олингани ва жиноий жавобгарликка тортилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Бу хабар жамоатчиликнинг ғазабига ва жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Инфляция даражаси юқори бўлган Ўзбекистонда АҚШ долларида олди-сотди қилиш одатий ҳол ҳисобланади.

"Жамоатчилик орасида турли нотўғри талқин ва тахминлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида оммавий ахборот воситаларидан прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор ёки тергов тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура матбуот хизмати тақдим этган расмий маълумотларга таяниш ва ҳавола келтиришни қатъий сўраб қоламиз", – деб хулоса қилади Бош прокуратура.

Давлат органлари ёки мулозимлар "кўтаринки ҳисоботлар" бериб, жамиятдан дакки егандан кейин сўзидан қайтгани биринчи бор учрамаяпти. Бир йил олдин Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев водийдаги тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборганини айтган, кейинчалик бу воқеа тўқима бўлиб чиққан эди. Қуронбоевнинг бу уйдирмаси ўзбек жамоатчилигининг ғазабига дучор бўлган, кўпчилик Ёшлар иттифоқининг "йўлтўсар" раиси истеъфосини талаб қилган эди.