Қозоқ полицияси бўш плакат кўтарган фуқарони бўлинмага олиб кетиб сўроқ қилган.

24 ёшли Аслан Сагутдинов 6 май куни Қозоғистонда оппоқ қоғоз кўтариб чиққан фуқарога ҳам тоқат қилинмаслигини кўрсатиш мақсадида тажриба ўтказди. У Ғарбий Қозоғистон вилояти маъмурий маркази Ўрол шаҳридаги Абай майдонига чиқиб, оппоқ қоғозни кўтариб турган. Бақирмаган, норозилик билдирмаган, ҳеч қандай шиорлар айтмаган.

5 дақиқа ўтмай полиция ходимлари уни сўроққа тута бошлашади. Аслан эҳтиёт чорасини кўриб, ҳамкасбларидан бўлажак воқеаларни видеога ёзиб олишни сўраган.

“Мен ҳеч қандай пикетда иштирок этмаётган оддий фуқароман, қўлимдаги плакатда ҳеч нарса ёзилмаган, ҳеч қандай шиорни айтиб бақирмасам ҳам, барибир полиция мени олиб кетишини кўрсатмоқчиман”, – деган Аслан Сагутдинов.

“Сиёсий абсурд. Бу кетишда эртага Қозоғистонда оқ қоғоз ва оқ мато ҳам совуқ ва ўқотар қуролга тенглаштирилади. Ҳар бир оқ қоғоз ва рулонни сотиб олишдан олдин рухсат олиш керак бўлади”, – деб ёзган сиёсатшунос ва жамоат фаолларидан бири Досим Сатпаев.

Полиция кейинчалик Асланни қўйиб юборган. “Улар менга нима айб қўйишни билолмай қолишди”, – дейди у.

Нурсултон Назарбоев президентлик курсисини топширгандан бери Қозоғистонда кўча намойишлари бўлиб келаяпти. Намойишлар аввалига Остона шаҳри номи халқ билан ҳисоблашмай ўзгартирилгани сабабли бошланган. Кейинчалик сиёсий талаблар янграй бошлаган. Июнда ўтажак президент сайлови адолатли ўтмаслиги, собиқ президент ва унинг оиласининг кучли таъсири сақланиб қолаётганидан норози бўлиб намойиш ўтказаётганлар ҳам бор.