Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида Ўзбекистон бош консуллиги очилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев "Дарё" мухбири билан суҳбатда айтган.

"Шаҳар Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларига қўшни бўлган ҳамда меҳнат муҳожирлари Россияга йўл олганда ўтадиган Манғистов вилоятининг маъмурий маркази. Оқтов Қозоғистоннинг тез ривожланаётган ҳудудлари қаторига киради. Энг муҳими, бу ерда Каспий денгизига олиб чиқадиган икки порт, "Шеврон" каби кўплаб йирик хорижий компаниялар ваколатхоналари жойлашган", деяган элчи нега айнан Актау танланганини изоҳларкан.

Унинг айтишича, келгусида Қозоғистоннинг шу каби йирик ва муҳим бошқа минтақаларида ҳам бош консулхоналар очиш режалаштирилган. "Бу меҳнат муҳожирлари, сайёҳлар, талабалар учун қулайлик ва енгиллик бўлади", деган элчи.

Ҳозиргача Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда Ўзбекистон элчихонаси ва Олмаота шаҳрида бош консулхона бор.