Россияга машинасини сотолмай қолган «Uzautomotors» уларни Қозоғистонда йиғиш орқали муаммони ҳал қилмоқчи. Бироқ энди Ўзбекистондагидан ҳам қимматга тушаётган бу машиналар билан Россияда йўқотган бозорни қайта забт этиб бўладими?

Олмаотада Қозоғистонда йиғилиши кутилаётган Nexia R3 автомобилининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Эътиборли томони автомобилларнинг нархи Ўзбекистондагидан қиммат.

"Ўзбекистонда ҳам нархлар шундай. Нархларимиз рақобатбардош. Шунинг учун ҳам нархларни кўтармаймиз ҳам, туширмаймиз ҳам. Ўзбекистондан келтириш ва бож тўловлари харажатлари бўлгани учун ҳатто Қозоғистон бозорида нархлар қимматроқ", – дейди Қозоғистон Равон моторс бош директори Рустам Матмусаев.

Қозоғистонда йиғиладиган Nexia R3 машиналари 9900 доллардан бошлаб 11200 долларгача сотилади. Айни шу русумдаги машиналар Ўзбекистонда 8600 доллардан 10000 долларгача сотилади.

«Uzautomotors» корхонаси директори Александр Сахабов ўзбекистонликларга четдагиларга нисбатан қиммат автомобил сотиш амалиёти ўтмишда қолганини айтади.

"Олдин фарқ бор эди. Икки йил давомида машиналарнинг таннархини тушириш бўйича ва улар ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам бир хил нархда бўлиши учун катта ишлар қилдик", – дейди «Uzautomotors» бошқарувчи директори Александр Сахабов.

Шу йил охиригача Қозоғистоннинг Қўстанай шаҳрида 16 минг дона Nexia R3 машиналари йиғилади. Уларнинг 6 мингтаси ички бозорда сотилса, қолган 10 мингини Россияга экспорт қилиш кўзда тутилган.

Мутахассислар бир вақтлар машиналарни ўз қийматидан паст нархда сотиш орқали собиқ МДҲ давлатларини забт этган GM Uzbekistan бу сиёсатини ўзгартириши орқали Россияда бир йил давомида машина сотолмай қолганини айтади.

Сиёсати ўзгарган ва шу кунларда номини ҳам «Uzautomotors»га айлантирган GM Uzbekistan Россия ва Қозоғистонда йиғиладиган машиналар билан рақобат қилишга мажбур бўлиб қолган.

Харажатларга ҳар бир машинани яроқлилик муддати тугагач йўқ қилиш учун сарфланадиган 1400 доллар атрофидаги йиғимлар қўшилган.

Евросиё иқтисодий минтақасига машина қисмларини божсиз олиб кириш каби имтиёзлар «Uzautomotors»ни ўз автомобилларини Россия ёки Қозоғистонда йиғишга мажбур қилмоқда.

2017 йилда Nexia R3 Қозоғистонда энг кўп сотилган машиналардан бири бўлган бўлса-да, «Uzautomotors» Россияда бир вақтлар йўқотган ўрнини тиклаши қийин бўлиши айтилмоқда.

Ўтмишда чўнтакбоп бўлгани учун Россияда кўп сотилган ва ҳозир деярли жиддий ўзгаришга учрамаган, аммо нархлари кўтарилган машиналарнинг харидорлари кўп бўладими деган савол ўртага чиқмоқда.

Монопол эртаги тугайдими?

Оддий одамлардан тортиб, президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидларига нишон бўлаётган «Uzautomotors»нинг Ўзбекистондаги имтиёзли даври якунига етиб бораётган кўринади.

Давлат солиқ қўмитаси автомобил ёки ҳар қандай техника ишлаб чиқарувчилар ўз хоҳишлари билан нархларни истаганча оширмасликлари учун импорт бўйича божларни кўриб чиқишини маълум қилди. Иқтисодчилар ушбу хабарни сенсация деди.

Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Мубин Мирзаев журналистлар билан учрашувда GM Uzbekistan компанияси йиллар давомида имтиёз олганига қарамасдан бу автомобилсозлик соҳасини ривожлантириш учун шароит яратишга ёрдам бермаганини таъкидлаган.

У компаниялар учун рақобат муҳитини яратиш мақсадида импорт бўйича божлар қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

Солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш тартиби бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги президент фармони лойиҳасига кўра 1 октябрдан Ўзбекистонда енгил автомобил ишлаб чиқаришда монопол корхона бўлган GM Uzbekistan ҳам қўшимча қиймат солиғини тўлайди.

ҚҚС бўйича, жумладан қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспортлар, бутловчи қисмлар, автотранспортларни ишлаб чиқаришда фойдаланилувчи материаллар ва технологик ускуналарга нисбатан бир қатор имтиёзларни бекор қилиш режалаштирилган.

Мубин Мирзаев Андижонга ташрифи вақтида маҳаллий автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчилари билан учрашганида импорт қилинаётган эҳтиёт қисмлардан икки-уч баробар арзон турувчи маҳсулотлар мавжудлигига гувоҳ бўлган.

Бироқ унга кўра GM Uzbekistan маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан маҳсулотларни сотиб олмаяпти. Солиқ қўмитаси мулозими автомобил заводи ҳеч кимга ҳисоб бермаслигини айтган.

"Завод импорт қилади. Биз имтиёзлар бердик, бироқ у ички бозордан икки-уч баробар қимматга импорт қилмоқда. Эртага ҚҚСни жорий этганимиздан сўнг ҳужжат бўлади, ҳисоб-фактура бўлади. Унда барча импорт нархлари кўрсатилган бўлади. Ҳозир ҳеч қандай ҳужжат йўқ: қаердан, кимдан, қанчага – ҳеч ким текширмайди. Чунки имтиёзлар бор. Солиқчига бу керак эмас, чунки ҳатто текширган тақдирда ҳам у „Солиқларни тўламасам, бу менга нима учун керак?" деб жавоб беради", – дея таъкидлган ДСҚ раҳбари ўринбосари.

Муносабат: сенсация! Бунақаси бўлмаган!

Сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги иқтисодий соҳада қабул қилинаётган қарорларга ўта танқидий ёндашаётган иқтисодчи Юлий Юсупов автомобил импортига божларнинг туширилишини сенсация дея баҳолади.

"Сенсация, рақобат муҳитини яратиш учун импорт автомобилларининг нархи туширилади. Шундай қилиб биз бозор иқтисодиётини қурамиз. Мени чимчиланглар, бунақаси бўлмаган", – дея ҳайратини изҳор қилган у.

Ўзбекистонда ҳозирча ягона енгил автомобил ишлаб чиқарувчи GM Uzbekistan кўплаб танқидларга нишон бўлиб келади.

Харидорлар завод машиналари бошқа давлатлар билан солиштирганда қимматлиги ва уни сотиб олишда пора бериш ҳолларидан нолийди.

Автомобил заводи президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам танқидларига сабаб бўлган.

Президент "10 минг ишчи ўрни яратмаса бундай завод бизга керакмас" деган.

Импорт автомобилларига қўйилган баланд божлар гоҳида кулгили ҳолатларга сабаб бўлгани ҳам айтилади.

ЎзАнинг хабар беришича, фарғоналик киши Қирғизистондан иккита Нексия автомашинасини 1300 долларга сотиб олган ва 600 доллар сарфлаб Ўзбекистонга олиб ўтган. Айни шу машиналар 5200 долларга баҳоланиб давлат фойдасига мусодара қилинган.