Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев мамлакат президентлигига навбатдан ташқари сайлов 9 июнда бўлиб ўтишини эълон қилди.

"Мамлакат раҳбари сайловини ўтказишни мутлақо кечиктириб бўлмайди. Ҳар қандай мавҳумликнинг олдини олиш керак. Дунёдаги вазият бизнинг зараримизга ўзгараяпти", – деб асослаган Қосимжўмарт Тўқаев ўз қарорини халққа қилган телемурожаатида.

9 июндаги президент сайловида 4 партиядан биттадан номзод ва турли жамоат ташкилотларидан бир неча номзод қатнашиши кутилмоқда.

  • Қосимжўмарт Тўқаевнинг ўзи ҳам сайловда ҳукмрон "Nur Otan" партиясидан қатнашади.
  • Ундан ташқари Азат Перуашев ("Ақ жўл"), Айқин Конуров ( "КНПК" партияси), Али Бектаевларнинг ("Ауил" партиясидан) ҳам номзоди кўрсатилган.
  • Қосимжўмарт Тўқаевдан ташқари, энг кучли номзодлардан бири биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг қизи, ҳозир Сенат раиси Дариға Назарбоева ҳисобланади.

19 март куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё раҳбарлари орасида илк бор ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан эди.

Истеъфодан сўнг Назарбоев ўзининг элбоши ва Хавфсизлик кенгаши раиси мақомини сақлаб қолган. У Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимида ҳам умрбод қолди.