Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев Жамбил вилоятидаги фожиали автоҳалокатда Ўзбекистоннинг 11 нафар фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди. Шу муносабат билан у Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдирган.

"Қордай трассасидаги фожиали ЙТҲда Ўзбекистоннинг 11 фуқароси ҳалок бўлди, кўплаб кишилар жароҳатланди. Уларнинг яқинларига таъзия билдираман. Ўзбекистон президентига ҳамдардлик телеграммаси юбордим", дейилади Тўқаевнинг Твиттердаги саҳифасида.

20 апрель куни тонгда Олма-Ота - Тошкент йўналишида кетаётган автобус ағдарилиб кетиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, 29 киши жиддий жароҳат олган, шундан 7 нафари Ўзбекистон фуқаролари.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, жароҳатланган ўзбекистонликлар шифохонага ётқизилган. Ўтрордаги шифохонага ётқизилганлар:

  1. Марҳамат Жуманиёзова, 1996 йилда туғилган, Хива шаҳридан;
  2. Роҳила Аҳметова, 1994 йилда туғилган;
  3. Шодлик Мақсудович Жабборов, Хива шаҳридан;
  4. Отабек Абдуллаевич Матжонов, 1985 йилда туғилган, Қорақалпоғистондан;
  5. Сардор Анорбой ўғли Ҳайдаров, 1994 йилда туғилган.

Қордайдаги шифохонага ётқизилганлар орасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси бор:

  1. Исломиддинов Абухаттар ўғли, 1997 йилда туғилган;
  2. Зоводбек Муҳаммаджонов, 1999 йилда туғилган.