Қозоғистонда ўзини плакат кўтаргандек кўрсатиб суратга тушган Facebook фойдаланувчисини қозоқ полицияси олиб кетиб, сўроқ қилган.

9 май байрами арафасида Нур-Султонда (собиқ Остона шаҳри) ҳуқуқ фаолларидан Жанбот Алжановани фуқаро кийимидаги шахслар кўчада тутиб, полиция идорасига олиб кетишган. Алжанова ўзини плакат тутгандек кўрсатиб тушган суратини Facebook’даги саҳифасида ушлаб кетилишидан уч кун олдин эълон қилган экан.

Суратга “Мана шундай плакат билан чиқишга қарор қилдик. Нима деб ўйлайсиз, қамашадими? Провокацион ҳеч нарса ёзилмаган лекин”, деб изоҳ ёзиб қўйган.


Алжанованинг айтишича, кўчада номалум шахслар ушлаб, мажбуран машинага ўтқазиб, Нур-Султон шаҳри Байконур тумани ички ишлар бўлимига олиб боришади. Ундан телефонини олиб қўйишади, ўзидан телефонда қандай иловалардан фойдаланиши, сиёсий қарашлари, экстремистларга алоқаси бор-йўқлигини суриштиришади. Фаолнинг айтишича, ушлаб кетилганда у енгил тан жароҳати олган.

  • Нурсултон Назарбоев президентлик курсисини топширгандан бери Қозоғистонда кўча намойишлари бўлиб келаяпти. Намойишлар аввалига Остона шаҳри номи халқ билан ҳисоблашмай ўзгартирилгани сабабли бошланган. Кейинчалик сиёсий талаблар янграй бошлаган. Июнда ўтажак президент сайлови адолатли ўтмаслиги, собиқ президент ва унинг оиласининг кучли таъсири сақланиб қолаётганидан норози бўлиб намойиш ўтказаётганлар ҳам бор.
  • 6 май куни 24 ёшли Аслан Сагутдиновни ҳеч нарса ёзилмаган плакат тутиб тургани учун полиция тутиб кетган эди.

78 яшар Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг март ойида истеъфо бериши ортидан сенатнинг 65 ёшли раиси Қосимжўмарт Тўқаев мамлакатнинг муваққат президентига айланган. Белгиланган қонунга кўра у мамлакатни 2020 йилнинг апрелига қадар бошқариши лозим эди.

  • Бироқ шу ой бошида Тўқаев мамлакатда муддатидан аввал президент сайлови ўтказилишини эълон қилган. Президент сайлови 9 июнга белгиланган.
  • Қозоғистоннинг ҳукмрон "Нур-Отан" партияси июнда ўтувчи президент сайловида муваққат президент Қосимжўмарт Тўқаев номзодини илгари сурди.
  • Тўқаевдан бошқа яна 7 номзод сайловда иштирок этади.