Астрономлар 10 апрель куни супермассив қора туйнукнинг илк фотосуратини тақдим қилишди.

Сурати олинган қора туйнук M87 галактикаси марказида жойлашган бўлиб, 100 миллиардлаб юлдузни ўзида тутиб туради.

Ушбу қора туйнук Ердан 55 миллион ёруғлик йили масофада жойлашган. Бу сониясига 300 минг километр тезликка эга ёруғлик нури қора туйнукка 55 миллион йилда етиб боришини англатади. Қора туйнукнинг астрономлар суратга олган ҳолати аслида унинг 55 миллион йил аввалги кўринишидир.

Фотосурати олинган қора туйнукнинг массаси Қуёшникидан 6,5 миллиард марта катта. Қуёш массаси эса Ерникидан 333 минг марта катта. Бизнинг Сомон йўли галактикамиз марказидаги қора туйнук ундан анча кичик – тахминан 4,5 миллион Қуёш массасига тенг. Яна бир жиҳати бу қора туйнук конотдаги энг каттаси эмас. Бунақалардан миллионлаб учраши мумкин.

Эйнштейннинг умумий нисбийлик назариясидан келиб чиқсак, қора туйнук худди шу фотосуратда кўринганидек бўлиши керак эди. Олим кузатмасдан, кўрмасдан туриб, ҳисоб-китоблар ва кучли тасаввури ёрдамида унинг қандай бўлишини аввалдан айтган. Аммо у кузатув орқали тасдиқланмаган эди. Ушбу фотосурат умумий нисбийлик назариясини тасдиқловчи яна бир кучли далил бўлди.

Ушбу сурат борасида кўпчилик хато тасаввурда

Фотосурат ёруғлик нури ёрдамида эмас, яъни биз тасаввур қиладиган катта лупали телескоплар ёрдамида эмас, радиотелескоплар ёрдамида олинган. Радиотелескоплар эса умуман телескоп ҳам эмас ўзи. Улар орқали ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Улар худди бизнинг параболка антенналаримизга ўхшайди. Бу антенналар радиотўлқинларни, турли узунликдаги электромагнетик тўлқинларни тутади. Ҳар бир тўлқин шартли тарзда муайян ранг билан белгиланади. Масалан, узунроқ тўлқинлар қизил, қисқароқ тўлқинлар кўкимтир ранг асосида ажратилади. Шу билан тасвир ҳосил бўлади.

Бу фотосурат битта радиотелескоп ёрдамида эмас, балки дунёнинг турли бурчакларига – Шимолий Америка, Ҳавайи, Европа, Жанубий Америка ва Жанубий қутбга ўрнатилган саккизта кузатувчи станция орқали олинган. Бу станциялар ўзаро боғланган бўлиб, ҳар бир олинган ахборот Массачусетс технология институтининг Ҳейстак обсерваторияси ва Бонндаги Макс Планк радиоастрономия институтига келиб тушган. Ўша ерда қайта ишланган.

Бунча кўп станция нега керак? 55 миллион ёруғлик йили масофадаги бу қора туйнукни топиш, суратга олиш Ой сиртида ётган апелсинни Ердан туриб топиш ва суратга олиш билан баробар. Ойгача бўлган масофа 384 минг км. Бошқача айтганда, Тошкентдан туриб, Нью-Йоркдаги гуруч донасини суратга олиш дегани. Қора туйнукни суратга олиш учун бутун сайёра диаметрига тенг телескоп ясаш керак бўлади. Аммо бунинг иложи йўқ. Олимлар йўлини топишди – Ернинг турли бурчакларига ўрнатилган ва ўзаро мувофиқ ишловчи кузатув станцияларидан олинган маълумотларни жамлаб, буни уддалаш мумкин бўлди.

Қора туйнукнинг ўзи суратга олинмаган. Чунки қора туйнукнинг ўзини суратга олиб бўлмайди. Қора туйнуклар ўта юқори масса, тортишиш кучи ва зичликка эга объектлар бўлиб, нурни ютиб юборади. Ҳатто унга яқинлашган ёруғлик нури йўналишида оғиш кузатилади. Қора туйнукка яқин, лекин жуда яқин бўлмаган масофада "ҳодиса уфқи" (Event Horizon) деб аталадиган чегара мавжуд. Бу уфқдан ўтган нарса борки, қора туйнукка ғарқ бўлади. Аммо ундан ташқарида қора туйнукка тортилаётган, юқори тезликда ҳаракатланаётган зарядланган газ мавжуд бўлиб, ўзидан нур чиқаради. Қора туйнук атрофи ана шундай нурларга тўла бўлади. Бу нур инсон кўрадиган ёруғлик нури бўлиши шартмас. Электромагнетик тўлқиннинг турли даражаларида – рентген нурлари, инфрақизил нурлар бўлиши мумкин. Радиотелескоплар ана ўша тўлқинларни ушлайди ва биз тушунадиган, кўрадиган тасвирга айлантириб беради.

Қора туйнукнинг фотосурати олимларнинг халқаро ҳамкорлиги маҳсулидир. Уни суратга олишда Ўзбекистон астрономлари ҳам иштирок этган. “Бу кашфиётда Ўзбекистоннинг ҳам ўз ҳиссаси бор. ЎзФА Астрономия институтидан профессор Бобомурод Аҳмедов бошчилигидаги назарий астрофизика бўлими ходимлари ушбу лойиҳанинг назарий қисмида қатнашиб, қора туйнуклар шарпаларига тегишли ҳисоб-китобларни бажаришган, бўлим ходимларидан бири Аҳмаджон Абдужабборов эса шарпаларни тавсифлаш учун янги математик формализм яратган”, – дейди Астрономия институти тадқиқотчиси Пўлат Тожимуратов.