Кам таъминланган ўқувчиларга бепул қишки кийим бериш ўрнига уларни ягона мактаб формаси билан текин таъминлаш таклиф этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамага қўйилган қарори лойиҳасида шу нарса назарда тутилган.

"Кам таъминланган ўқувчилар учун харид қилинадиган қишки иссиқ кийим-бошларга ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобига шу тоифадаги ўқувчилар учун тасдиқланган стандартларга мос мактаб формасини бериш таклиф этилмоқда", – дейилади ХТВ хабарида.

Бу нега муҳим: кам таъминланган ўқувчилар учун шу пайтгача харид қилинган қишки кийимлар (палто ёки куртка, этик, телпак ва қўлқоп) мактаб ўқувчилари орасида ташқи кўриниши, дизайн жиҳатидан сезиларли фарқ қилган. Натижада ижтимоий табақаланиш кўриниб қолаётгани сабабли баъзи ота-оналар бу кийимларни олишдан бош тортаётган эди.

Шу билан бирга, мактабларда ягона форма татбиқ этилиши ортидан ўқувчилар ўртасида кийимга қараб ижтимоий табақаланишнинг олди олинади. Бироқ кўп болали ва камбағал оилалар мактаб формасини бир нечта фарзандига бир вақтда сотиб олишда қийналаётган эди.

Истисно тариқасида кам таъминланган ўқувчилар учун сотиб олиниши режалаштирилаётган мактаб формасини “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг махсус тасдиқланган рўйхатига қўшиш ва шу рўйхатдаги корхоналар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали буюртма қилиш таклиф этилаяпти.

Янги формалар камбағал ўқувчиларга етиб боришини мактабларнинг кузатув кенгашлари ва маҳалла вакиллари биргаликда назорат қилади.