Қирғизистон бош вазири Чуй вилоятининг ҳокими Туйгунали Абдураимовни журналист аёлга қўпол муомала қилгани учун лавозимидан бўшатди.

Масала тарихи: Туйгунали Абдураимов 5 июн куни Сўқулуқ туманидаги Ўрўқ қишлоғида содир этилган оммавий муштлашув ортидан воқеа жойига борган аёл журналистлардан бирига қўпол муомалада бўлиб, “Сизнинг юзингиз менга ёқмаяпти” деб айтган эди. Кейинроқ ҳоким бу гапини мухбирнинг "прокурорча оҳанги" унга ёқмагани билан изоҳлади.

Бу воқеа интернетда тезда ёйилиб кетди ва журналистлар орасида “Мен журналистман. Менинг юзим ўзимга ёқади. Менга ҳукуматимизнинг юзи ёқмайди” деб номланган тадбир бошланиб кетган эди. Юзлаб одамлар Чуй вилояти раҳбарининг ишдан бўшатилишини талаб қилиб чиқди.

6 июн куни вилоят ҳокимиятига норозилик билдириб борган ўнлаб журналистларга Туйгунали Абдураимов ўз ҳаракатидан уялмаслигини ва журналистдан аёл бўлгани учун кечирим сўрашга тайёрлигини, лекин мухбир сифатида ундан кечирим сўрамаслигини айтганди.

Туйгунали Абдураимов қирғиз сиёсатининг оқсоқолларидан бири ҳисобланади. Деярли барча аввалги иш жойларида у турли ихтилоф ва жанжалларга аралашиб юргани билан машҳур.