Ўзбекистон Қирғизистонга $100 млн кредит беради. Айни пайтда хизмат сафари билан Қирғизистонда бўлиб турган Абдулла Арипов қирғиз ҳамкасби билан Қирғизистонга кредит ажратилишини кўриб чиқишганини Қирғизистон иқтисодиёт вазири Санжар Муканбетов журналистларга маълум қилди.

Кредит линияси очилиши икки давлат президентларининг 2018 йил кузидаги учрашувида келишилган.

“Биз ушбу маблағни Қирғизистонда тери ва жунни қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорларга беришни таклиф қилаяпмиз”, – деган Қирғизистон иқтисодиёт вазири.

Унинг қайд этишича, ҳозир томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш ҳаракатида. 2018 йил якунларига кўра ушбу кўрсаткич 340 млн долларни, 2019 йилнинг беш ойи давомида эса 130-140 млн долларни ташкил этган.

“Импорт ҳажми экспортникидан юқорироқ. Биз Ўзбекистондан асосан мева-сабзовотларни импорт қиламиз, кўмир ва цементни экспорт қиламиз. Айни пайтда Қирғизистон цементи Ўзбекистонга имтиёзли шартлар асосида етказилмоқда, бироқ имтиёз муддати 2019 йилнинг 1 октябр куни тугайди. Биз ушбу имтиёз сақланиб қолиши учун келишишга ҳаракат қиламиз”, – деган Санжар Муканбетов.

Кредитдан ташқари, иккитомонлама ҳамкорликка оид бошқа кўплаб масалалар ҳам кўриб чиқилади. Жумладан, кенгайтирилган ва тор доирадаги музокаралар чоғида Косонсой (Ўртатўқай) сув омборидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишувни қандай амалга ошириш, чегара делимитацияси ва демаркацияси масаласи ҳам муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Minbar.uz манбасининг хабар қилишича, музокаралардан сўнг икки давлат Бош вазирлари иштирокидаги ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши ва Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарадош ҳудудлари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши 2019 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилиши маълум қилинди. Учрашув якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги вазирликлари, карантин хизматлари ўртасида ҳамкорлик қилиш ҳамда минерал ўғитлар экспорти бўйича ҳужжатлар имзоланди.