Қирғизистон мусулмонлар бошқармаси масжидларда жума мавъизаларини қирғиз ва рус тилларидан бошқа тилларда ўқишни тақиқлаган. Қарорни 6 март куни муфтий Мақсадбек Токтомушев имзолаган.

Қирғизистон аҳолисининг 73 фоизи этник қирғизлар экани айтилади. Буйруқда қирғизлар озчилик бўлган ҳудудлардаги масжидлар истисно қилиниши кўрсатилмаган.

  • Ушбу буйруқнинг чиқарилишига сабаб қилиб Тўқмоқ шаҳридаги масжидлардан бирида мавъиза дунган тилида ўқилгани ва бундан шикоят тушгани кўрсатилмоқда. Дунганлар Қирғизистон аҳолисининг 1 фоизини ташкил қилади.
  • Мамлакатда қирғизлардан кейин иккинчи энг катта миллат ўзбеклардир. Умумий сони 900 мингга яқин ўзбеклар аҳолининг 15 фоизини, руслар 6 фоизини ташкил этади.
  • Қирғиз тили мамлакатда давлат тили, рус тили расмий тил ҳисобланади.
  • Муфтиятнинг бу қарори мамлакатнинг жанубидаги Ўш ва Жалолободда зич яшовчи ўзбек жамоасининг эътирозига сабаб бўлиши мумкин.

Қирғизистон диний эркинликлар даражаси Марказий Осиёда нисбатан юқорилиги билан ажралиб туради. Мамлакатда диний ҳаракатлар сони кўп ва деярли назорат қилинмайди.