Бош прокуратура собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров ва унинг жиноий шериклари деб кўрилаëтган яна 12 нафар собиқ мулозимлардан айримлари тергов пайтида жисмоний ва руҳий қийноқларга тутилганини рад этди.

Аввалроқ Ozodlik радиоси собиқ прокуратура мулозимлари устидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида ўтаётган ёпиқ жараёнда 17 апрель куни кўрсатма берган судланувчилардан айримлари тергов пайтида жисмоний ва руҳий қийноқларга тутилганини даъво қилгани ҳақида хабар берган эди.

Хусусан, айбланувчилар Улуғбек Суннатов (Бош прокурор собиқ ўринбосари - таҳр.) ва Улуғбек Хуррамов (Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи собиқ ўринбосари ) судда уларга нисбатан турли даражада қийноқлар ишлатганини айтган эдилар.

Дастлабки тергов Жиноят-процессуал кодексининг қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилган, айбланувчиларга ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан ҳеч қандай қийноқлар ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаган.

Айбланувчилар Улуғбек Суннатов ва Улуғбек Хуррамов уларга қўйилган айбловларни фақат қисман тан олган, бу эса уларга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва уларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолатдир", - дейилади Бош прокуратура тарқатган расмий раддияда.

Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг айтишича, дастлабки тергов ва суд жараёнида барча айбланувчиларнинг соғлиғи Ички ишлар вазирлиги тиббий муассасаларининг доимий тиббий кузатувида ва назорати остида бўлмоқда.

Рашитжон Қодиров ва аксар судланувчилар¸ Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.