Адлия вазирлиги Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг колониядаги ҳолати ва у ўғирлаган пулларни қайтариш жараёни ҳақида «Gazeta.uz»га маълумот берибди.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Адлия вазирлиги интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги Каримованинг ҳолати билан боғлиқ мишмишлар ва жазонинг суд ҳукмига мувофиқ ўтаётгани борасида ўрганиш олиб борган.

Гулнора Каримова Зангиота туманидаги 21-колонияга 2019 йил 14 мартда етиб келган ва 7-отряд 2-секторга (умумий тартиб) жойлаштирилган.

Жиноят ижроия кодексига мувофиқ биринчи президентнинг қизи:

  • жазони алоҳида эмас, умумий яшаш биноларида ўтамоқда;
  • бемалол ўқиш, бадиий ва бошқа ахборот материалларидан фойдаланиш каби ҳуқуқларидан фойдаланмоқда, шунингдек, колония кутубхонасига аъзо бўлган;
  • бандерол ва жўнатмаларни олиш ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Хусусан, у 2, 3, 10 апрел ва 10 июнда бандерол ва жўнатмалар қабул қилган;
  • ҳисоб рақамига 10 апрелда унинг қизи номидан пул тушган. У шу пайтгача колония дўконидан тўрт марта нарса харид қилган ва ҳозир ҳисобида яна пул қолган;
  • яқинлари билан учрашиш ҳуқуқидан фойдаланган. У 12-15 апрел кунлари оила аъзолари билан узоқ муддат учрашган (3 сутка). Каримова унгача иккита қисқа учрашувдан бош тортган (8 ва 10 апрелда);
  • уч марта швейцариялик адвокати билан учрашган, хат ва телеграмма олиш-юборишдан чексиз фойдаланмоқда.
Каримова колония кутубхонасидан олган китоблар рўйхати

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, Каримовага тиббий хизмат кўрсатилмаётгани ҳақидаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди:

  • 2017 йил декабрда суд-тиббий экспертизаси Каримовада аввалдан бўлган бир қатор сурункали касалликлар борлигини аниқлаган.
  • 2019 йил мартда колонияга тушганда Гулнора Каримова малакали тиббий кўрикдан ўтган, шунингдек, ССВнинг тажрибали мутахассислари керакли маслаҳатларни берган (кардиолог, гинеколог, стоматолог, врач-инфекционист, функционал диагностика врачи, УТТ шифокори, эндокринолог, врач-гастроэнтеролог, психиатр ва бошқалар).
  • Экспертиза хулосасига кўра, Каримованинг касаллиги жазони ўташга монелик қилмайди. Ундаги касалликлар озод этилишга асос бўладиган оғир касалликлар рўйхатига кирмайди.

Адлиянинг айтишича, Каримовага нисбатан жисмоний, психологик ва руҳий босим бўлмагани аниқланган.

"Аксинча, бошқа маҳкумлар Каримовага бўлаётган босимлар ҳақидаги хабарлардан ҳайрон қолишган. Ҳатто у билан битта секторда яшаётган маҳкумнинг айтишича, Каримова бошқа маҳкум банд қилган дераза ёнидаги кароватда ётишини айтган. Унга ўша жойни бўшатиб беришган", – дейилади вазирлик тарқатган хабарда.

Гулнора Каримова шу кунгача бирор марта ҳам меҳнатга жалб этилмаган. Бунга бошқа маҳкумлар ва колония маъмурияти гувоҳлик берган.

Маҳкумнинг ўзи билан гаплашилганда у ўз ҳуқуқлари поймол бўлаётганидан арз қилмаган. Каримова бу мавзуда гапиришни истамаган ва асосан:

  • колонияга келганда унга яқин бўлиб қолган маҳкумларнинг бошқа секторга ўтказилгани;
  • жиноий иш тергови давридаги қонунбузилишларга эътироз билдирган.

Унинг сурункали касаллигини даволаш учун стационар даволаниш имконияти берилган ва учрашув пайтида у санчастда бўлган.

Суҳбат пайтида тиббий хизмат бўйича Каримова эътироз билдирмаган.

Визуал кўздан кечиришда Каримовада тан жароҳатлари аниқланмаган.

Қайтарилмаган пуллар

Адлия вазирлиги Гулнора Каримованинг активларини қайтариш бўйича ҳам маълумот берган. Айтилишича, Каримовага нисбатан тергов бошқа давлатлара ҳам олиб борилмоқда.

"У коррупция орқали пул орттирганликда айбланмоқда. Хусусан, Латвия, Швейцария, Франция, Швеция, Нидерландия ва эҳтимол бошқа мамлакатларда ҳам Гулнора Каримова ва унинг яқинлари ноқонуний коррупцион схемалар орқали пулни "ювганликда" айбланмоқда. Лекин баъзилар бу борада нохолис маълумот бермоқда.

Пулларни қайтариш бўйича музокаралар бошқа давлатлар ҳукуматлари билан Ўзбекистон ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мос равишда олиб борилмоқда. Бу активлар Гулнора Каримова (ёки унинг оиласиники) эмас, чет давлатлар бу пулларга тақиқ қўйган", – дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, ҳозир қолган пул ва активларни қайтариш ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Каримованинг адвокати Грегуар Манжа 555 млн доллар пулни Ўзбекистонга қайтаришни Швейцария суди тўхтатиб қўйганини айтганди. Бу ҳақда маҳкумнинг қизи Имон Каримова ҳам айтган.

"Гулнора Каримова шахсан ўзи пулларни қайтараётгани, бу пуллар фақатгина Каримова ёки унинг оила аъзолари томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги гаплар ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас ва ҳақиқатга тўғри келмайди", – деб хулоса қилади Адлия вазирлиги.