Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари йил охиригича ўз лавозимини сақлаб қолди. Уларни бўшатиб юбориш "вазиятдан чиқишнинг энг осон йўли", ҳокимлар бунинг ўрнига йўл қўйган хатоларини тузатишда шахсан иштирок этиши мақсадга мувофиқроқ деб ҳисоблайди Президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси.

“Қопланиши керак бўлган зарар миқдори, жабр кўрган аҳолини моддий ва маънавий жиҳатдан тўлиқ қўллаб-қувватлаш таъминланишини ҳисобга олган ҳолда вилоят ҳокимлари ва бошқа масъул шахсларнинг эгаллаб турган лавозимидан дарҳол озод этилиши улар учун вазиятдан чиқишнинг энг осон йўлидир. Бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар учун масъулият ва машаққат энди уларнинг ишини давом эттирувчилар зиммасига тушади”, – дейилади ПА ва ВМ қўшма баёнотида.

Шуни инобатга олиб, президент ҳудудлар раҳбарларининг жойларда йўл қўйган хатоларини тузатиш, фуқароларнинг мулк ҳуқуқлари ва ҳукуматга ишончини тўлиқ тиклаш бўйича ишларда уларнинг шахсан иштирок этишини таъминлаш мақсадга мувофиқ экани тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлади.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев йўл қўйган қўпол хатолари ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани учун:

  • Фарғона вилояти Риштон тумани ҳокими, иқтисодиёт ва қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари;
  • Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими, унинг қурилиш бўйича ўринбосари, туман прокурори,
  • Урганч шаҳар ҳокими ўринбосарларини эгаллаб турган лавозимидан озод этди.

Йил якунлари бўйича барча вилоятлар, жумладан, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, жойларда юзага келган вазиятни ўнглаш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигига баҳо берилади.

Аввалроқ видеоселекторда Мирзиёев жамиятда жиддий норозилик кайфиятларига сабаб бўлган ва Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилаётган вилоят раҳбарларига чора кўришни бош вазир Абдулла Арипов ва Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга топширган эди.

“Сизларга ўхшаган ноинсофлар билан ишлаганим учун Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилаяпсизлар. Эрманов, Ғаниев, Рўзиев ва шунга ўхшаган одамлар. Бу масалалар ҳали тинчигани йўқ. Шунинг учун Арипов ва Низомиддиновга топшириқ: қайси вилоят ҳокимини ишдан олиш бўйича таклиф берасизлар”.