Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро осмони хориж авиакомпаниялари учун очилди. Шавкат Мирзиёевнинг 13 августдаги фармони билан ушбу шаҳарлардаги халқаро аэропортларда «очиқ осмон» режими жорий этилди.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб «Қарши», «Нукус» ва «Термиз» халқаро аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги», «Бухоро» аэропортида хорижий давлатлар фуқароларини ташишда «бешинчи ҳаво эркинлиги» қўлланади.

«Очиқ осмон» нима дегани: бундай режимга кўра аэропорт исталган авиакомпания самолётларини ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиши мумкин бўлади. Бу режим туристлар оқимини ошириш ва бюджетга тушумлар кўпайишига имкон беради.

«Бешинчи ҳаво эркинлиги» – халқаро авиацияда қабул қилинган тўққиз эркинликдан бири. Унга кўра ўз давлатида рейсни бошлаган авиакомпания икки бошқа давлатга учиш ҳуқуқига эга бўлади. Масалан, қозоқ авиакомпаниясининг Нурсултон – Нукус – Кобул рейси шу «бешинчи хаво эркинлиги»дан фойдаланган ҳисобланади.