Сенга қачон ақл киради дейишаяптими, ҳали ҳам видеоўйинлардан зерикмайсизми, ўсмай қолдим деб хавотирланманг – олимлар инсон бош мияси 30 ёшлардагина тўлиқ етилишини кашф қилибди.

Бош мия, инсон асаб тизимини ўрганувчи олимларнинг таъкидлашича, вояга етиш 18 ёшдан анча кеч ва ҳар бир одамда ўзига хос тарзда кечади. 18 ёшга тўлганларда мия ҳали ҳам шаклланиш босқичида бўлади, яъни инсоннинг характери, мия фаолияти, руҳияти ўзгараётган бўлади.

“Биз кўрсатмоқчи бўлган нарса шуки, болалик билан улғайганлик ўртасида аниқ чегара қўйиш маъносиз. Бу ўзгариш 30 йил давом этади. Менимча, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот тизимлари ўзига қулайлаштириш учун аниқ чегара белгилаб олишади”, – дейди тадқиқотчи, Кембриж университети профессори Питер Жонс.

Инсоннинг жисмонан улғайиши, дейлик, жинсий жиҳатдан етилиши унинг бош мияси ҳам улғайганини англатмайди. Ҳуқуқий амалиётда кўпроқ жисмоний-жинсий улғайганликка асосий қаратилади.

18 ёшга тўлганингизда сайловда овоз беришингиз, спиртли ичимликларни сотиб олишингиз, кредит олишингиз, ҳуқуқ-тартибот органларига ишингиз тушса, катта одамдек муносабат кутишингиз мумкин.

Шунга қарамай, профессор Жонснинг айтишича, тажрибали судьялар 18 ёшли айбланувчи билан 30 ёшли айбланувчи феъл-атвори ўртасидаги фарқни билишади.

"18 ёшда болалик тугаб, сўнг улғайганлик бошланади деган нарса йўқ, одамлар мудом ўзгариш йўлида бўлади", – дейди Питер Жонс.