Россия президенти Владимир Путин Кремлда Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевни қабул қилди ва қирғизларни амалдаги президент Сооронбой Жээнбеков атрофида бирлашишга чақирди. Бу ҳақда 24 июл куни «РИА Новости» хабар берди.

Учрашув якуни бўйича Путин журналистларга: «Қирғизистон бизнинг иттифоқчимиз. Мен уни бизга яқин давлат деб ҳисоблайман. Қирғизистон мамлакатни ларзага келтирган бир нечта, аниқроқ айтсак, иккита ички сиёсий воқеани бошдан кечирди. Менимча энди, Қирғизистон халқи манфаатларидан келиб чиқиб, бу ҳодиса қайтарилмаслиги керак», – деди. «Мамлакат сиёсий барқарорликка эҳтиёж сезмоқда. Энди ҳамма одамлар амалдаги президент атрофида бирлашиши ва унга давлатни ривожлантиришда ёрдам бериши лозим», – деган Путин. Унинг айтишича, Атамбоев билан суҳбатда у айнан шундай позицияни билдирган.

  • Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев 24 июлда Кантдаги Россия ҳарбий базасидан Москвага учиб келган. Уни олиб кетиш учун Россиядан хусусий жет келган. Собиқ президент билан унинг энг яқин партиядошлари ҳам учиб кетган.
  • Собиқ президентнинг айтишича, у икки кунга кетган ва Россияда қатор "олий даражадаги" учрашувлар ўтказиб қайтади. Лекин таҳлилчилар собиқ президент шу билан Россияга қочиб кетганини айтмоқда.
  • Аксарият қирғизлар Россия собиқ ва амалдаги президентлар ўртасида даллоллик қилишини, Атамбоев Владимир Путиндан ёрдам сўраб борганини, Жээнбеков уни рус ҳарбий базасидан чиқариб юборганини миллий мустақилликка хиёнат деб баҳоламоқда.

Атамбоев мамлакатни 2011 йилдан бошлаб бошқарган ва 2017 йилда Қирғизистоннинг лавозимини инқилобсиз топширган биринчи президентига айланган. Лекин тез орада Жээнбеков билан орасига совуқчилик тушган ва у қатъий мухолифлик йўлини тутган. Унинг барча юқори мартабали сафдошлари ишдан олинган, баъзиларига нисбатан эса коррупция айблови билан жиноят иши очилган. Июн ойида Жогорку кенеш (парламент) Атамбоевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилди, шундан сўнг собиқ президентнинг сафдошлари унинг Қўйтош қишлоғидаги қароргоҳида «халқ штаби»ни тузишди. ИИВ Атамбоевни қонундаги ўғри Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун уч марта чақирди. Аммо у фақат ОАВ орқали гувоҳлик беришини айтиб, тергов билан ҳамкорлик қилишдан қатъиян бош тортмоқда.