Халқ таълими вазирлиги пойтахтдаги 81 та талабгир мактабга қўшимча квотани тақсимлашнинг янги, пулсиз кўринишини таклиф қилмоқда.

ХТВ матбуот хизматининг ёзишича, ҳукуматнинг жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган 7 майдаги қарорига ўзгартириш киритилмоқда. Антикоррупцион чора бўлмиш, лекин кўп тушунмовчиликларни келтириб чиқарган қўшимча квотага тўлов бекор қилиниб, ўрнига янги қабул механизми таклиф қилинмоқда.

Янги тартиб қандай бўлиши мумкин: талабгир 81 та мактабнинг микроҳудудида яшовчи тахминан 8 мингга яқин 7 ёшдаги болалар биринчи синфга қабул қилинганидан кейин, мактабларга яна 4,7 минг ўқувчини қўшимча қабул қилиш мумкин бўлади. ХТВнинг янги таклифига кўра қўшимча квота бўйича ўқиш ҳуқуқига энг аввало қуйидагилар лойиқ кўрилиши мумкин:

  • шу микроҳудудда яшовчи олти ёшга тўлган болалар;
  • шу мактаблар ўқитувчиларининг фарзандлари;
  • бошқа микроҳудудда яшовчи, аммо акаси/опаси шу мактабда ўқийдиган болалар,
  • микроҳудудда истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари.

Бу рўйхат узил-кесил эмас, унга ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

"Мазкур таклифлар асосида Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда маъмурий регламентга ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор лойиҳасини тайёрлади. Ушбу лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда. Лойиҳага фаол муносабатингизни билдиришингизни сўраймиз", — дейилади вазирлик ахборотида.

Қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 5 августга қадар давом этади.