Шавкат Мирзиёев жинояти учун жазо ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 575 кишини афв этган.

Уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилинган. 214 шахснинг жазо муддати қисқартирилган.

Афв этилганларнинг 7 нафари 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафари аёллар, 1 нафари чет эл фуқаросидир.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистонда афв эълон қилинишини айтганди.

“Диний сабаб билан қамалганларнинг ишини ўрганиш жараёни тўхтамаган. “Қора рўйхат”дан чиқарилган одамлардан ҳол-аҳвол сўраб турилибди, камчиликлари ўрганилаяпти. Бу ҳолатни ҳам баъзида нотўғри тушунадиганлар бор. Президентимизнинг ўзи “Улардан хабар олаяпсизларми, нима камчилиги борлиги билан шуғулланаяпсизларми?” деб сўрайди. Уларни ташлаб қўйганимиз йўқ, уларни ишга қўйиш, ҳатто уйида иссиқхоналар қуриб бериш, жамият билан аралашиб кетишига кўмаклашиш ишлари мунтазам олиб борилаяпти. Яқинда президентимиз томонидан махсус ҳайъат тузилди. Бу ҳайъат жазони ўташ колонияларига бориб, маҳбуслар билан махсус шуғулланаяпти. Жараён жадаллашмоқда. Ҳайъат ички ишлар ходимлари, имомлар ва бошқа ташкилотлар вакилларидан тузилган. Мақсад Рамазонгача уларни озод қилиш. Рамазон арафасида умумий авф эълон қилиниши кутилаяпти”, – деган эди муфтий.

Муфтийнинг таъкидлашича, сўнгги 3 йил давомида диний идоранинг ташаббуси ва президентнинг саъй-ҳаракатлари билан 20 мингдан ортиқ киши “қора рўйхат”дан чиқарилган.