1 июн куни Тошкент, Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида 2019/2020-ўқув йилида очиладиган Президент мактабларига ҳужжат қабул қилиш бошланган эди. Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирга қадар топширилган ҳужжатларнинг сони 15 мингдан ошган.

12 июнгача топширилган ҳужжатлар сони
Фото: pm.xtv.uz

Юқоридаги тўртта ҳудудда очилиши кутилаётган Президент мактабларига шу пайтга қадар 15699 нафар талабгорнинг ҳужжати қабул қилинган. Шундан 4961 нафари онлайн (мана бу ҳавола орқали), 10738 нафари эса офлайн усулда, яъни бевосита қабул марказларига келиб ҳужжат топширган.

Ҳудудлар бўйича энг кўп – 4778 та ҳужжат Хоразм вилоятидаги Президент мактабига келиб тушган. Қорақалпоғистонда 4106 та, Наманганда 3692 та, Тошкент шаҳрида 3123 та ҳужжат қабул қилинган.

Номзодларнинг 7953 нафари ўғил болалар, 7746 нафари эса қизлардир.

Келиб тушган ҳужжатларнинг кунлик статистикаси
Фото: pm.xtv.uz

Хивадаги Президент мактабига битта ўринга 33 та, Қорақалпоғистонда 28 та, Наманганда 26 та, Тошкент шаҳрида 22 та талабгор қайд этилган.

Шу пайтгача энг кўп – 5209 та ариза 5-синф учун топширилган. 10-синф учун эса 229 та талабгор ҳужжат топширган. Қабул қилинган ҳужжатларнинг синфлар бўйича статистикаси қуйидаги инфографикада кўрсатилган.

Келиб тушган ҳужжатларнинг синфлар кесимидаги статистикаси
Фото: pm.xtv.uz

Президент мактабларига ҳужжатлар 22 июнгача қабул қилинади.

Президент мактаблари жорий йилда 4 та ҳудудда синов тариқасида ташкил этилган. Ушбу таълим муассасаларида мактабларни бошқаришнинг бутунлай янги модели синовдан ўтказилади. Синов муваффақиятли ўтса, 2020 – 2021-йилларда Президент мактаблари республиканинг барча вилоятларида ташкил этилади.

Президент мактабига қабул жараёни ҳақида маълумот олиш учун +998-71-207-72-22 рақамли телефонга мурожаат қилиш мумкин. Шунингдек, Президент мактабларининг расмий сайти ҳам ишлаб турибди.