Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг қўшма қарори билан Президент мактабларининг асосий имтиҳонларидан йиқилган, аммо имтиҳонда юқори балл олган номзодларни имтиҳонсиз, қўшимча квота асосида қабул қилувчи ихтисослаштирилган таълим муассасалари рўйхати тасдиқланди.

Рўйхатга Қорақалпоғистондаги 11 та, Намангандаги 20 та, Хоразмдаги 20 та ва Тошкент шаҳридаги 14 та ихтисослаштирилган мактаблар киритилган.

Президент мактабларининг 5- ва 7-синфида ўқиш учун ҳужжат топширган, асосий имтиҳонларда 25-ўриндан бошлаб қуйи ўринларни эгаллаган ўқувчилар ихтисослаштирилган таълим муассасаларига квота асосида ўрнатилган тартибда қабул қилинади. Қабул жараёнида кетма-кетлик номзодларнинг тўплаган балларига асосланади.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ихтисослаштирилган таълим муассасаларига 5-синфга 1100 нафар ўқувчи, 7-синфга эса 525 нафар ўқувчи қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилади.

“Ота-оналар ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ҳужжатларни расмийлаштириш учун ҳудудий халқ таълими бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига мурожаат этишлари мумкин. Шу билан бирга мактаб вакиллари ҳам ота-оналар билан боғланади”, дейилади ХТВ сайтида эълон қилинган расмий хабарда.