21 июнда соат 12:00 да Президент мактабларига онлайн ҳужжат қабул қилиш якунига етди. Қабул марказлари орқали эса қабул 22 июнда тугайди.

Президент мактабларига жами 27 709 нафар талабгор ҳужжат топширган. Шундан 9380 таси (34 фоизи) онлайн, 18 329 нафари (66 фоизи) эса қабул марказлари орқали ҳужжат топширган.

Ҳудудлар бўйича энг кўп – 7757 та ҳужжат Наманган вилоятидаги Президент мактабига келиб тушган. Қорақалпоғистонда 7417 та, Хоразмда 6572 та, Тошкент шаҳрида 5963 та ҳужжат қабул қилинган.

Номзодларнинг 13535 нафари ўғил болалар, 14174 нафари эса қизлардир.

Хивадаги Президент мактабига битта ўринга 45 та, Қорақалпоғистонда 51 та, Наманганда 53 та, Тошкент шаҳрида 41 та талабгор қайд этилган.

Шу пайтгача энг кўп – 8633 та ариза 5-синф учун топширилган. 10-синф учун эса 2318 та талабгор ҳужжат топширган. Қабул қилинган ҳужжатларнинг синфлар бўйича статистикаси қуйидаги инфографикада кўрсатилган.

Президент мактаблари жорий йилда 4 та ҳудудда синов тариқасида ташкил этилган. Ушбу таълим муассасаларида мактабларни бошқаришнинг бутунлай янги модели синовдан ўтказилади. Синов муваффақиятли ўтса, 2020 – 2021-йилларда Президент мактаблари республиканинг барча вилоятларида ташкил этилади.

Президент мактабига қабул жараёни ҳақида маълумот олиш учун +998-71-207-72-22 рақамли телефонга мурожаат қилиш мумкин. Шунингдек, Президент мактабларининг расмий сайти ҳам ишлаб турибди.