Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентдаги Президент мактабларига кириш имтиҳонлари икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқичда математика фанидан тест топширилади.

30 та топшириқдан иборат 90-дақиқалик тест саволлари берилади.
Бу босқичдан ўтган ҳар бир ўринга 20 киши ҳисобидан максимал талабгорлар 2-босқичда қатнашади (масалан – Наманган шаҳри мактабининг ҳар бир синфига 480 талабгор (24 ўрин * 20 талабгор) қатнашиши мумкин).

Иккинчи босқичга ўтган талабгорлар:

  • ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича – 16 та масала;
  • мантиқ элементлари бўлган математика фанидан – 24 та масала;
  • инглиз тилидан – 55 та тест топширади.

4- ва 5-синф ўқувчилари учун талаблар: 4- ва 5-синфга топшираётганлар тўплаган балларининг асосий қисмини (80 фоизини) танқидий фикрлаш ва мантиқий билим (IQ tests) тестлари орқали йиғади.

Қолган 20 фоиз инглиз тили фанига тўғри келади.

Шу боис номзодлар инглиз тилидан мукаммал тайёргарликка эга бўлмай, танқидий ва мантиқий фикрлаш қобилияти яхши ривожланган бўлса ҳам, Президент мактабларига қабул қилиниш эҳтимоли юқори бўлади. Номзодлар истагига кўра ушбу йўналишдаги имтиҳон саволлари инглиз тилида эмас, давлат тилида берилиши мумкин.

6-, 7-, 8-, 9-синф ўқувчилари учун талаблар: юқори синфларда инглиз тилининг аҳамияти 40 фоиз бўлиб, танқидий фикрлаш ва мантиқий билимни талаб этувчи топшириқлар 60 фоизни ташкил этади.

Бундай талаб қўйилганининг асосий сабаби Президент мактабининг юқори синф ўқувчилари хорижлик ўқитувчилар ўтадиган STEAM-фанларни ўрганиш учун етарли салоҳиятга эга бўлиши зарур.

Ўқувчи хоҳишига кўра танқидий фикрлаш ва мантиқ бўйича имтиҳонларни инглиз тилида ҳам топшириши мумкин.

  • Кириш имтиҳонлари 2-босқичининг натижаларига кўра бир хил балл тўплаган талабгорлар сони белгиланган қабул квотасидан ортиб кетган тақдирда, қабул комиссияси ва таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилотлар томонидан қўшимча топшириқлар берилади.

Мактабларга ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, 4-синф битирувчилари мантиқий фикрлаш тестлари натижасига кўра қабул қилинади. Фақатгина биринчи 2019/2020-ўқув йилида Президент мактабларининг ҳар бирига 5 – 10-синфларга 144 нафардан ўқувчи қабул қилинади.

Президент мактабига йилига 24 тагина ўқувчи қабул қилинади, улар иккита синфга бир хил – 12 нафардан тақсимланади.

Президент мактабларида таълим STEAM (Science – табиий фанлар, Тechnology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Аrt – санъат, Мathematics – математика) дастури асосида инглиз тилида берилади.

Битирувчиларга давлат томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат) билан бир қаторда, хорижий мамлакатларнинг олий таълим муассасаларига кириш имконини тақдим этувчи диплом (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) берилади.

Таълим бепул, ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади.

Илк Президент мактаблари Тошкент, Нукус, Наманган ва Хивада 2019 йилда, республиканинг бошқа ҳудудларида эса 2020 ва 2021 йилда ишга туширилади.