Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентдаги Президент мактабларида номзодлар сонига кўра имтиҳон бир неча босқичда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда 27 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

Агар ариза берувчилар сони бир ўрин учун 20 кишидан ошса, дастлабки имтиҳонлар математика бўйича ўтказилади. Бунда математикадан берилган 20 та тестни ечишга бир соат вақт ажратилади.

Номзодлар имтиҳоннинг асосий босқичида талабгорлар сони бир ўринга 20 нафардан ошмаган ҳолда иштирок этади.

Имтиҳонларнинг асосий босқичи ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича (16 та масала), мантиқ элементлари бўлган математика фанидан (24 та масала) ҳамда инглиз тили (55 та тест саволи) фанларидан иборат бўлади.

Ўқувчилар тўплаган балларнинг асосий қисмини (80 фоизини) танқидий фикрлаш ва мантиқий билимни талаб этувчи топшириқларни бажариш орқали йиғишлари мумкин. Балларнинг 20 фоизигина инглиз тили фанига тўғри келади. Шу боис номзодлар инглиз тилидан мукаммал тайёргарликка эга бўлмай, танқидий ва мантиқий фикрлаш қобилияти яхши ривожланган бўлса ҳам, уларнинг Президент мактабларига қабул қилиниш эҳтимоли юқорилигича қолади. Номзодлар истагига кўра ушбу йўналишдаги имтиҳон саволлари инглиз тилида эмас, давлат тилида берилиши мумкин.

Юқори синф ўқувчилари учун инглиз тилининг аҳамияти қарийб 40 фоиздан зиёд бўлиши кутилмоқда. Чунки улар келгусида хорижлик ўқитувчилар ўтадиган STEAM-фанларни ўрганиш учун етарли салоҳиятга эга бўлишлари зарур. Ўқувчи хоҳишига кўра танқидий фикрлаш ва мантиқ бўйича имтиҳонларни инглиз тилида ҳам топшириши мумкин.

Агар талабгорлар бир хил миқдорда балл йиғса, қабул комиссияси номзодлар билан суҳбат ўтказади. Суҳбатда ўқувчининг ота-онаси (қонуний вакиллари), зарур ҳолларда эса психолог ҳамда тиббиёт ходимлари ҳам иштирок этиши мумкин. Мазкур жараёнда аудио ва видеотасвирга олишга рухсат берилади.

Cambridge Assessment International Education қарорига кўра номзодлар ва уларнинг ота-оналари имтиҳон натижалари юзасидан апелляция шикояти бериш ва имтиҳон ишларини текшириш ҳуқуқига эга эмас.