22-23 май куни Англиянинг Cambridge Assessment ташкилоти экспертлари Гвендид Каудвелл ва Марк Шэннон Президент мактабларига қабул жараёнини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистонга келган.

Cambridge Assessment ташкилоти Президент мактабларига қабулни шаффоф ва адолатли ташкил этишга масъул ташкилот сифатида танланган.

  • Cambridge Assessment экспертлари ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш тартиби, имтиҳон кунлари, намунавий тест саволлари тўпламларини тарқатишга оид масалаларни муҳокама қилган.
  • Экспертлар ҳужжат қабул қилиш марказлари ва имтиҳон ўтказиладиган муассасаларга боришган.
  • Имтиҳонларнинг холисона ва одил ўтказилиши бўйича махсус иш режасини ишлаб чиқишган.

Одамлар ижтимоий тармоқларда ўқувчилар президент мактабларига, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фақатгина иқтидори асосида, таниш-билишсиз танлаб олинишига шубҳа билдираётган эди.

2019 йилнинг сентябридан очилаётган ушбу мактабларга 4-синф битирувчилари мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижасига кўра қабул қилинади.

Мактабга йилига 24 ўқувчи қабул қилинади, улар иккита синфга бир хил – 12 нафардан тақсимланади. Таълим бепул, STEAM (science – табиий фанлар, technology – технологиялар, engineering – техник ижодкорлик, art – санъат, mathematics – математика) дастури асосида инглиз тилида берилади.

Ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади. Президент мактабининг 9 – 11-синфларида таълим ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра айрим фанларни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги дастур дипломига (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) эга бўлади. Бу эса хорижий олий ўқув юртларига ҳам кириш имконини беради.

2019 йилда Тошкeнт, Хива, Нукус ва Наманганда Президент мактаблари иш бошлайди. 2020 – 2021-йиллардан эса бошқа вилоятларда ҳам ташкил этилади.