Кеча Президент мактаблари саралаш имтиҳонларининг натижалари эълон қилинди. Тест жавобларида бир хил натижа қайд этган номзодлар ҳам борлиги аниқланди. Шу мақсадда Minbar Президент мактаблари мутасаддилари билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритди.

Minbar манбаси хабарига кўра, бундай ҳолат Президент мактабларига қабул қилиш тартибида аниқ белгилаб қўйилган. Тест имтиҳонларида ўқувчилар тенг натижалар қайд этса, яъни бир нечта номзод бир хил умумий балл тўплаган бўлса, номзодлардан:

  • "Муаммони ечиш" бўйича энг катта балл олгани ўтади. Бу натижа ҳам бир хил бўлса,
  • "Танқидий фикрлаш" бўйича энг катта балл олгани ўтади. У ҳам бир хил бўлса,
  • "Инглиз тилида ўқиш" бўйича энг катта балл олганлар ўтади. У ҳам бир хил бўлса,
  • "Инглиз тилида тинглаш" бўйича энг катта балл олганлар ўтади.
  • Агар шу босқичгача ҳали ҳам ўтадиган бола аниқланмаган бўлса (миллиондан бир учрайдиган ҳолат!) ёшроқ номзод танланади (туғилган куни, ойи, йилига қараб).
  • Агар ҳануз ўхшашлик мавжуд бўлса (миллиардда бир учрайдиган ҳолат!), Cambridge Assessment буни бартараф қилиш учун мос усулни ишлаб чиқади.

Агар ўқишга кирган талабгор Президент мактабида ўқишни рад этса ёки биринчи чорак давомида ўқишни тарк этса, рўйхатдаги энг юқори балл тўплаган, лекин ўқишга кира олмаган номзод бўшаган ўринга таклиф қилинади.

  • Cambridge Assessment ушбу имтиҳондаги тизимнинг шаффофлиги ва хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, якуний қарорлар бўйича мурожаатлар ёки баллар бўйича апелляция талабларини қабул қилмайди. Ота-оналар бола ҳужжатини ПМга топширган вақтида ушбу қоида билан танишган ва рози бўлган.