Президент мактабларига 22–24-июлда бўлиб ўтган якуний имтиҳонларнинг натижаси 20 август куни эълон қилиниши кутилмоқда. Minbar манбаси хабарига кўра, жавоблар Cambridge Assessment International Education ташкилотининг сайтида эълон қилинади.

Президент мактабларига имтиҳонлар икки босқичда ташкил этилди. Дастлабки саралаш босқичида 27 446 нафар, асосий имтиҳонларда эса 11 426 нафар номзод қатнашди.

Президент фармонига кўра, 2019–2021-йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич STEAM (фан, технология, инжиниринг, санъат ва математика) йўналишларига ихтисослаштирилган Президент мактаблари ташкил этилади. Жорий ўқув йилида Нукус, Наманган, Хива ҳамда Тошкент шаҳарларида Президент мактаблари фаолият бошлайди. Қолган ҳудудларда эса 2020 ва 2021 йилларда ҳар йили бештадан Президент мактаби қуриб фойдаланишга топширилади.

Ҳар бир ҳудуддаги мактабга 144 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Ҳар бир ёш тоифасифа иккитадан синф ташкил етилади, битта синфда 12 нафар бола ўқийди. Таълим бепул, ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади.

Мактабда STEAM (science – табиий фанлар, technology – технологиялар, engineering – техник ижодкорлик, art – санъат, mathematics – математика) дастури асосида инглиз тилида берилади. Президент мактабининг 9 – 11-синфларида таълим ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра айрим фанларни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги дастур дипломига (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) эга бўлади. Бу эса хорижий олий ўқув юртларига ҳам кириш имконини беради.

Президент мактаблари имтиҳонларидан ўтолмаган, аммо юқори натижага эришган номзодлар ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳонсиз ўқишга кириш ҳуқуқи берилиши мумкин. Minbar манбаси хабарига кўра, ҳар бир ҳудуддан 250 нафар ўқувчи ана шундай имтиёзга эга бўлиши кутилмоқда.