Қозоғистонда нималар бўлаяпти? Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатчи қизи Дариға президент бўладими? Қосимжўмарт Тўқаев ким? Қозоқларда миллий ғурурни уйғотиш кимга керак? Шу ва бошқа саволларни Ибрат Сафо Қозоғистонда кўп йиллардан бери яшаб фаолият юритаётган журналист, "Қора соялар: Қозоғистоннинг яширин дунёси ичида" китоби муаллифи Жоанна Лиллисга берди.

Суҳбат Лондонда жойлашган халқаро мудофаа ва хавфсизлик бўйича тадқиқот маркази – Қироллик бирлашган хизматлари институти(RUSI)да ёзиб олинди.

Қозоғистонда 9 июнь куни президент сайлови бўлиб ўтиши кутилаяпти. Мамлакат мустақилликни эълон қилганидан бери бу олтинчи, айни дамда Нурсултон Назарбоев иштирок этмайдиган биринчи президент сайлови бўлади.

78 ёшли Нурсултон Назарбоев ўтган март ойида президентлик лавозимидан истеъфога чиқаётганини эълон қилганди. Аммо, кўпгина таҳлилчиларга кўра, бу асло унинг сиёсий саҳнадан кетаётганини англатмайди.

Муваққат президент ваколатларини қабул қилиб олган ва эндиликда сайловда ғолиб чиқиши кутилаётган Қосимжўмарт Тўқаев Назарбоев сиёсатининг давомчиси деб кўрилади. Тўқаев шу вақтгача Сенат спикери бўлиб хизмат қилиб келган.

Тўқаев президент курсисига ўтириши ортидан унинг ўрнини Назарбоевнинг қизи сенатор Дариға Назарбоева эгаллади. Сиёсий саҳнадаги фаразларга кўра Назарбоев алалоқибат ўз қизининг давлат раҳбари бўлиб кўтарилишини режалаган.

9 июнь сайловида мухолифатчи номзод Амиржон Қосанов ҳам иштирок этади. Аммо, баъзи сайловчиларга кўра, у ҳам Назарбоев "лойиҳа"сининг бир қисми бўлиши мумкин. Айни дамда эркин сайлов талаби билан норозилик намойишлари бот-бот ўтказилмоқда.