Ёшларни оммавий спортга кенг жалб этишда мактаблардаги шароит, муҳит катта ўрин тутади. Лекин мактабларда ўқувчилар жамоавий спорт ўйинларига тўлиқ жалб этилмаяпти. 2 мингдан зиёд мактабда спорт заллари йўқ, 3 мингдан ортиғида эса таъмирталаб. Бу рақамлар Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни бўлиб ўтган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселекторда маълум қилинди.

Видеселекторда спортга ихтисослашган мактаб-интернатларда ҳам камчиликлар борлиги билдирилган. Масалан, Тайлоқ, Жиззах, Бухоро, Учқўрғон, Денов туманлари, Наманган, Қарши ва Андижон шаҳарларидаги шундай мактабларда спорт зали, ётоқхона, ўқув бинолари етишмайди.

Болалар-ўсмирлар, Олимпия захиралари ва олий спорт маҳорати мактаблари тренерларининг ойлик иш ҳақи умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчиларига нисбатан деярли 2 баробар паст. Ўз навбатида, тренерларнинг 51 фоизи ўрта махсус маълумотга эга, 2 мингдан ортиқ олий маълумотли мураббийларга эҳтиёж мавжуд.

Олий таълим муассасаларидаги спорт иншоотлари талабаларнинг қарийб 50 фоизини қамраб олиш имкониятига эга бўлса-да, амалда 21 фоиз талаба-ёшлар спорт тадбирларига қатнашмоқда.

Видеоселекторда қайд этилишича, Ўзбекистон бўйича 12 мингдан ортиқ спорт иншооти мавжуд, уларнинг бир кунлик қуввати қарийб 1,5 миллион кишини ташкил этади. Яъни аҳолига нисбатан спорт иншоотлари билан таъминланиш даражаси 4,5 фоиздан ошмайди. Хусусан, бу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 3,4 фоиз, Сурхондарё вилоятида 3,5, Андижон вилоятида 3,7 фоиздир. “Бундай аҳволда спортни қандай қилиб оммалаштириш мумкин”, дея мутасаддиларга мурожаат қилган Шавкат Мирзиёев.

Президент матбуот хизматига кўра, йиғилишда соҳадаги муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар йўналтириш масалалари муҳокама қилинган. Умумтаълим муассасаларида спорт объектлари қуриш ва таъмирлаш, уларни замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлаш, ихтисослашган мактаб-интернатларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари белгиланган.

Мактаб ўқувчилари ўртасида спорт мусобақалари ва жисмоний тарбия фанидан олимпиада ташкил қилиб, уларда ғолиб бўлганларни олий таълим муассасаларига квотадан ташқари имтиёзли асосда қабул қилиш ҳамда уларга спорт тоифаси бериш масаласи кўриб чиқилган. Шунингдек, бундай ёшларни тайёрлаган жисмоний тарбия ўқитувчилари иш ҳақига қўшимча устама, юқори тоифа ва унвонлар бериш таклиф этилган. Соҳа учун кадрлар тайёрлаш қамровини кенгайтириш, интенсив малака ошириш платформасини йўлга қўйиш, мураббийларга талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил қилиш юзасидан тавсиялар берилган.