Жануби-шарқий Покистонда ҳинд ветеринари мамлакатнинг куфрга қарши қонунларига кўра айбланмоқда. Ғазабга минган оломон унинг клиникасига ўт қўйган. Унга қўшиб ҳиндлар эгалик қиладиган бошқа дўконлар ҳам ёқиб юборилган.

Даъво қилинишича, ветеринар исломий матн ёзилган қоғозга дори ўраб сотган. Агар бу исботланса, мамлакат қонунларига кўра у бир умрга қамалиши мумкин.

Ветеринар унга қўйилаётган айблов туҳматлигини, у қоғозни мактаб дарслигидан олганини айтган.

Покистоннинг куфрга қарши қонунларида жуда қаттиқ жазолар белгиланган. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг фикрича, бу қонунлар одатда жамиятнинг озчилик вакилларига қарши суиистеъмол қилинади.

Ҳиндларнинг дўконлари таланган ва ёқиб юборилган.

Ислом Покистоннинг давлат дини саналади, куфрга қаттиқ жазо белгиловчи қонунларни аксар аҳоли ёқлайди. Шунинг учун популист сиёсатчилар шундай қонунларни янада қаттиқлаштиришга ваъда бериб, аҳолининг овозини олишга интилади.

Юзлаб ҳиндлар шу қонунларга кўра жавобгарликка тортилган, айримлари халқаро ҳамжамиятнинг танқидларига ҳам сабаб бўлган. 2010 йили насроний аёл Асиа Биби Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилганликда айбланиб, ўлимга ҳукм этилган. Аммо халқаро босим сабабли оқланган.

Покистонда динни ҳақоратлашга қарши қонунлар кенг қўлловга эга.

Куфрга қарши қонунлар қанчалик кенг тарқалган?

Куфрга қарши қонунлар динлар, диний ақидаларни турли ҳақоратлардан ҳимоя қилиш учун қабул қилинади. Pew Research Center маълумотига кўра дунёнинг ҳар тўрт давлатидан бирида шундай қонунлар бор. Ҳар ўнтадан битта давлатда динини ўзгартиришга қарши жазо белгиланган. Бундай давлатларнинг аксари Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги мусулмон давлатларидир. Европада эса 45 давлатдан 7 тасида шундай қонун мавжуд.

Ислом давлатлари ташкилоти БМТни динни ҳақоратлашни глобал миқёсда жиноят деб тан олишга даъват қилиб келади, аммо БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги, фикр ва уни ифода қилиш ҳуқуқи бўйича уч махсус ҳисоботчиси ҳисобот чиқариб, “динни обрўсизлантириш” тушунчасини глобал миқёсда қўллаш мумкин бўлган даражада аниқ таърифлаб бўлмаслиги мазкур тушунча суиистеъмол қилинишига сабаб бўлишини, миллий миқёсда эса бундай қонунлар динлар ва мазҳаблараро танқидни йўққа чиқаришини билдиришган.

Ўзбекистонда қандай?

Ўзбекистон дунёвий давлат. Барча динларга тенгҳуқуқлилик кафолатланган. Дини ёки динсизлигига кўра бировни камситиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Айни чоғда давлат диний баҳсларга, агар жамият ва давлат учун хавф солмаса, аралашмаслигини билдиради.

Жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида“ги қонунда барча динлар қонун олдида тенглиги, ҳеч бирига алоҳида имтиёз берилмаслиги белгилаб қўйилган.

“Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.”

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида“ги қонуннинг 5-моддаси

Шунга қарамай, маънавият ва мафкура билан шуғулланувчи идоралар расмийларининг диний ва миллий қадриятларни алоҳида ҳимоялашга чақириқлари кучайган. Масалан, Ўзбекистон ҳукумати хузуридаги дин ишлари бўйича қўмита “Юртимиз ҳудудида диний манбалар, қадриятлар, муқаддас туйғулар ҳурмат қилиниши шарт. Уларга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатиш, ёмон муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” экани ҳақида расмий баёнот чиқарган эди.