Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 21 майда австралиялик таълим мутахассиси Урсула Швантнер билан ўзбек ўқувчиларининг PISA тадқиқотида иштирокига доир масалаларни муҳокама қилди.

2021 йилда ўзбек ўқувчилари қатнашадиган PISA тадқиқоти нима ўзи: тадқиқот ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур ҳисобланади.

Дастурнинг асосий мақсади – 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги, математик саводхонлик ва табиий фанлар бўйича саводхонлик даражаларини турли хил тестлар кўринишида баҳолашдан иборатдир.

Одатда ҳукуматлар бу баҳолаш натижаларига кўра ўз таълим сиёсатини ислоҳ қилиш-қилмасликни ҳал этади.

Ўқувчиларнинг ижодий ва танқидий фикрлашига, олган билимларини ҳаётда қўллай олиш қобилиятига баҳо бериш ва кейинчалик бу кўникмаларни ҳосил қилишга ундайдиган бу дастур ҳар уч йилда бир марта ўтказиб келинади.

Тадқиқот биринчи марта 2000 йилда ўтказилганда унда 43 та мамлакат, 2018 йилда эса 78 та мамлакатдан ўқувчи иштирок этган. Тадқиқотни Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) олиб боради.

Дастур мамлакатдаги жами 15 ёшли ўқувчиларнинг 3 фоизини қамраб олади. Ҳар 3 йилда битта фан йўналишига афзаллик берилади. 2000 йилда илк бор ўқиш саводхонлигига урғу берилган, 2021 йилда урғу математик саводхонликка берилади.
ИҲТТ номидан келган австралиялик таълим мутахассиси Урсула Швантнер билан вазир ўзбек ёшларининг 2021 йилги PISA дастуридаги иштирокига тайёргарликни ҳамда ўқитувчилар ва тизимдаги ходимлар малакасини оширишни муҳокама қилган.