Жиззахлик 66 ёшли пенсионер икки невараси билан Жиззах давлат педагогика институтига кирмоқчи.

"Насиб қилса, агар талабалик бахтига мушарраф бўлсам, эндиги фаолиятимни Шароф Рашидов тумани жисмоний тарбия ва спорт бўлимида давом эттирмоқчиман. Мен 15 йилга яқин Жиззах вилоятининг «Автомобилист» жамоасида (ҳозирги «Сўғдиёна») футбол ўйнадим. Имтиҳонлардан ўтишимга ишончим комил", – деган абитуриент.

42 йиллик педагогик стажга эга Умарали Жўраев 1975 йили Жиззах педагогика билим юртини тамомлаган. У халқ маорифи аълочиси ва спорт фахрийси саналади.

Аввалроқ фарғоналик 72 ёшли аёл эса бирданига учта олий таълим муассасасига абитуриент сифатида ҳужжат топширган эди. Момо “ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича Фарғона давлат университетига, Қўқон давлат педагогика институтига ва Наманган давлат университетига ҳужжат топширган. У кундузги бўлимда ўқишни ният қилган.

Бу йилдан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда ёшга доир чеклов олиб ташланган. Ҳозирга қадар 70 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган.