Керак бўлса, "столба ҳам қамалиб кетиши" мумкин бўлган бир пайтларда яшадик. У даврлар қайтмаслигига ишонсак ҳам, инсон ҳамма нарсага тайёр туриши керак. Minbar жамиятимизда ҳуқуқий саводхонлик ва онгни шакллантириш мақсадида туркум мақолаларни чоп этишга киришди. Шуларнинг биринчисида ички ишлар ходимлари ҳужжатларни текшириш учун кўчада тўхтатганда, бу вазиятдан тезроқ ва иложи борича талафотларсиз чиқиб кетиш йўллари ҳақида ёзганмиз.

Бу мақола тинтув ҳақида эслатмадир. Тинтув қилиш учун ҳар кимникига ташриф буюришлари мумкин. Бунинг учун шахс бирор жиноий ишда айбдор ёки гувоҳ бўлиши шарт эмас. Тинтув ўтказиш жараёнида сизга ёрдам бериши мумкин бўлган қисқача маслаҳатларни келтириб ўтамиз.

1Уйимни тинтув қилишмоқчи. Нима қилай?

Тинтув қонун асосида ўтказилаётганига амин бўлинг. Терговчи бирор жойда (уй, офис ва ҳ.) ёки бирор шахсда иш учун аҳамиятли бўлган нарса ёки ҳужжатлар бор деб ўйлаш учун етарли маълумотга эга бўлган тақдирда тинтув ўтказишга ҳақлидир.

Одатда тинтув терговчи ёки унинг илтимосига кўра тезкор ходим томонидан прокурор санкциясига асосан ўтказилади. Бироқ терговчи тинтувни шошилинч ўтказиш зарур деб ҳисобласа, у қарорни мустақил тайёрлаши ва уйингизга прокурор санкциясисиз келиши мумкин. Бундай ҳолатларда терговчи тинтув ўтказилгандан сўнг 24 соат ичида унинг ҳаракати қонунийлигини текшириши учун прокурорга хабар қилиши шарт.

Одатда, ҳуқуқ тартибот ходимлари тинтув ўтказиш учун тонг саҳарда келишади. Баъзан терговчилар ўзини шикоят қилиб чиққан қўшни, “коммунал хизматлар ёки маҳалла ходими” сифатида таништириб эшикни очтиришга ҳаракат қилишади.

2Тинтув бошланди, энди нима қилай?

Тинтувни бошлашдан аввал терговчи ўзини таништириши, текширув ишлари қандай жиноий иш билан боғлиқлигини айтиши ва тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорни кўрсатиб, сизнинг ҳуқуқларингизни тушунтириши шарт.

Сизнинг ҳуқуқларингиз:

  • адвокат ёрдамидан фойдаланиш;
  • тинтув жараёнида иштирок этиш;
  • тинтув ўтказаётган ходимлар ҳаракатини кузатиб бориш;
  • терговчига компьютер ва мобил қурилмалар паролини айтмаслик;
  • тинтув вақтида ошкор бўлган шахсий ва оилавий ҳаётингиз, шахсиятингиз ҳақидаги маълумотларни оммага ошкор этмасликни талаб қилиш;
  • олиб қўйилаётган жиҳозларни кўрсатишни талаб қилиш;
  • баённомага қўшимча тушунтириш ва мулоҳазаларингизни илова қилиш;
  • тинтув баённомасидан нусха талаб қилиш.

3Адвокат келгунча, вақтни чўзишга ҳаракат қилинг...

Уйингизда тинтув ўтказилиши ҳақида керакли одамларга хабар беринг.

Агар тинтувга келишганини тушунган бўлсангиз, терговчига эшикни очишга шошилманг. Терговчи билан сан-манга бормасдан, у билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигингизни ҳамда тинтув ишларига кўмаклашишингизни айтинг.

Вақтингиз оз, тинчланинг ва тезда адвокат билан боғланинг. Шу билан бирга, тинтув бошлангунга қадар яқинларингизни (дўстларингиз, қариндошларингиз, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар) бўлаётган ҳодиса ҳақида огоҳлантиришни маслаҳат берамиз: кейин сизда бу имконият бўлмаслиги мумкин. Терговчи сиздан тинтув вақтида бошқалар билан мулоқот қилмасликни талаб этиш ҳуқуқига эга. Сиз фақатгина юридик кўмак олиш ҳуқуқига эга бўласиз, бироқ телефонларни олиб қўйишса бу ёрдамдан фойдалана олмай қолишингиз мумкин.

Адвокатдан воқеа жойига зудлик билан етиб келишини сўранг. Тергов гуруҳини уйингизга фақат адвокат етиб келгандан сўнг киргизишингиз мумкинлигини айтиб вақтни чўзишга ҳаракат қилинг.

4Лекин терговчиларга асло қаршилик қилманг!

Ёдда тутинг: агар сиз эшикни умуман очишдан бош тортсангиз, тергов гуруҳи эшикни бузиб кириши мумкин. Тергов гуруҳи хонадонингизга кирганда уларга қаршилик қилманг, куч ишлатманг. Акс ҳолда сизга нисбатан жиноят иши очилади.

Терговчи гувоҳномаси ва тинтув ўтказиш қароридан нусха кўчиринг, суратга олинг ёки ҳеч бўлмаганда ҳужжат маълумотларини ёзиб олинг. Баъзан маълумотни теришда хато ёки манзилда адашиш сабабли тинтув режалаштирилганидан бошқа жойларда олиб борилган ҳолатлар ҳам бўлади.

Адвокат билан алоқада бўлинг.

Терговчи тинтув ўтказилаётган хонадонга адвокатни киритмаслиги мумкин. Шунга қарамай, ҳеч бўлмаса унинг атрофингизда эканлиги жуда муҳим. Адвокат келгани ва унга киришга рухсат беришмагани ҳақида тинтувнинг барча иштирокчиларини хабардор қилиш зарур.

Агар адвокат тезда етиб келса-ю, терговчи унга тинтувда иштирок этишга рухсат берса, адвокатнинг тавсияларига амал қилинг.

Агар таниш адвокатингиз бўлмаса, нормал адвокат топиш сизнинг энг бирламчи вазифангиз. Аввалдан ўзингизга адвокат топиб қўйганингиз маъқул.

5Тинтув бошланди. Нима қилай?

Терговчининг барча ҳаракатини қайд этиб боринг.

Агар уйда ёлғиз бўлсангиз, тергов гуруҳи хоналарни навбати билан текширгани маъқул. Акс ҳолда сиз турли хоналардаги барча орган ходимларининг ҳаракатини кузата олмайсиз ва манипуляцияларга имкон берасиз. Шундай бўлса-да, агар уйингизга нимадир ташлаб қўйиш керак бўлса, бунинг имкони ҳар доим топилади.

Тинтув жараёнида терговчиларнинг ҳамма ҳаракатларини қайд этиб боришга тайёрланинг. Энг идеал вариант – видеога олиш. Бироқ терговчи буни тақиқлаши мумкин. Ҳеч бўлмаганда тинтув давомида барча мулоҳазаларни ўша заҳоти ёзма қайд этишни бошланг: доимо ён дафтарча тайёр турсин. Кейинроқ бу баённомани тўлдиришда асқотади.

Тинтувда икки гувоҳ иштирок этиши шарт, уларнинг вазифаси тергов гуруҳи ҳаракатларини кузатишдан иборат. Кўп ҳолларда гувоҳ сифатида қўшнилар танланади.

6Ўзингизга жабр қилманг

Тинтув бошланишидан олдин терговчи сизга жиноий ишга тааллуқли ёки ман этилган нарсаларни ўз хоҳишингиз билан беришни таклиф этиши шарт. Бироқ ихтиёрий топширган тақдирингизда ҳам бу сиз учун ҳеч қандай енгиллик бермайди.

Агар терговчи уйингизда тақиқланган (ташлаб қўйилган ёки ҳақиқатан ҳам сизга тааллуқли) ниманидир топса, адвокат билан маслаҳатлашмагунча ҳеч қандай изоҳ берманг.

Қонунан терговчи билан муомала қилишга, унинг саволларига жавоб беришга ва унга ёрдам кўрсатишга мажбур эмассиз.

7Уйда нималарни сақламаган маъқул?

Уйда нималарни сақламаслик керак:

  • ўқ отадиган қурол, жумладан ўқ-дори ва қурол эҳтиёт қисмлари, агарда қурол сақлаш учун рухсатнома бўлмаса. Патрон учун қамалиб кетганлар ҳам бор.
  • рухсатсиз ва қонун билан белгиланган жойдан ташқарида сақланган совуқ қуроллар;
  • “махфий” грифли ҳужжатлар – бундай ҳужжатларни уйда сақлаш махфий маълумотларни ошкор қилиш ёки давлат сирларини ноқонуний олганликда айблашга асос бўлади;
  • наркотик моддалар, жумладан, тиббиётда қўлланадиган медикаментлар, агар рецепти бўлмаса.

Шахсий маълумотларингизни олдинроқ ҳимоялаб қўйинг.

Компьютерингизни шифр ва ишончли парол билан ҳимоя қилинг. Тинтув мақсадида келишлари билан компьютерни ўчиринг, шунда терговчи қаттиқ дискдаги маълумотларни дарҳол кўриб чиқа олмайди. Ҳеч ким сизни терговчига ёрдам беришга мажбур эта олмайди: масалан, компьютер паролини унга айтишга мажбур эмассиз.

Терговчи ишга алоқадор деб уйдан деярли ҳамма нарсани олиб кетиши мумкин. Одатда, ахборот сақланадиган ташувчилар: компьютер, планшет, телефон ва ҳоказолар олиб қўйилади. Сиз улардаги ахборотларни кўчириб олишни талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз. Кўп ҳолларда терговчилар бу талабни рад этишади. Бу қонунбузарлик бўлиб, баённомага шуни ҳам ёзиб қўйишингиз мумкин.

8Тинтувдан кейин нима қилай?

Тинтув баённомаси – вазиятга таъсир кўрсатишингиз мумкин бўлган ягона имкониятингиз. Тинтув натижалари бўйича терговчи баённома тузади ва унга ўзи, сиз, гувоҳлар ва қолган барча иштирокчилар имзо чекишади. Баённома қўлда ёзилгани каби компьютерда ҳам терилган бўлиши мумкин – бунинг ҳеч қандай фарқи ва аҳамияти йўқ.

Сизда вазиятга таъсир кўрсатадиган деярли ҳеч қандай бошқа восита бўлмаганлиги сабабли баённома билан жиддий танишиб чиқинг.

Энг аввало қуйидагиларга эътибор қаратинг:

ҳужжатда сана ва вақт (тинтув бошланган ва тугаган вақт), иштирок этган барча шахсларнинг исм-фамилияси кўрсатилиши, тинтув жараёни батафсил тасвирланиши ва олиб қўйилган мулк рўйхати берилиши шарт.
Гувоҳлардан баённомада кўрсатилган манзил (пропискаси) ва аслида яшаш жойлари тўғри эканлигини сўраб олинг: кейинчалик судда гувоҳлик беришлари учун уларни топиш осонлашади. Баённоманинг бўш жойлари ҳеч нарса ёзилмаслиги учун чизилган бўлиши шарт. Баённомага чекланмаган миқдорда мулоҳаза ва фикрларни ёзиш мумкин.

Мулоҳаза ва фикрларингиз ёзилган қоғоз баённомага илова қилиниши шарт. Илова борлигини баённомадаги “мулоҳазалар” қисмига киритиш керак. Баённомада "эътирозлар йўқ" деган ёзув бўлмаслиги лозим.

Сиз тинтув давомида нотўғри деб ҳисоблаган ҳамма нарсани баённомада ёзинг. Бу, масалан, адвокат киришига рухсат берилмагани, орган ходимларининг қўполлиги, мулкингизга нисбатан бўлган эҳтиётсизлик ва албатта тинтув давомида кутилмаган "топилмалар" бўлиши мумкин. Қанча кўп йўл қўйилган қонунбузарликларни кўрсатсангиз, суд даъвонгизни эшитишига шунча кўп шанс бўлади. Баённомага ўз қўшимчаларингизни киритишда шошилманг, бафуржа ёзинг.

Албатта баённоманинг нусхасини талаб қилинг. Агарда уни беришдан бош тортишса ёки тўлиқ бўлмаган ва имзо чекилмаган баённомани тақдим этишса, бу ҳолатниям эътирозларингизда қайд этинг. Баённоманинг асл нусхасини суратга олишга ёки кўчиришга ҳаракат қилинг. Бу билан уни қалбакилаштириш эҳтимолининг олдини олган бўласиз.

Агар баённомада сана, исм-фамилия, гувоҳларнинг яшаш манзили каби хатоларни сезсангиз, буни терговчига айтишга шошилманг, бу сизга кейинчалик тинтувда олинган ашёвий далилларнинг ҳақиқий эмаслигини тан олишда асос бўлади.

9Ҳибсга олинишингиз мумкин, бунга ҳам тайёр туринг

Сизни ҳибсга олишларига тайёр бўлинг.

Агар тинтув вақтида хонадонингизда тақиқланган ашёни аниқлашса ёки “топишса”, сизни ҳибсга олишлари мумкин. Руҳан бунга тайёр бўлинг ва имкон борича камерада керак бўладиган буюмларни йиғинг: иссиқ кийим, ич кийим, шахсий гигиена маҳсулотларини.

Агар шу вақтга қадар сизда адвокат бўлмаса ёки у етиб келолмаган бўлса, қариндош ёки танишларингизга уни топишни ва қаерда эканлигингизни хабар беришни айтинг: ёдда тутинг, давлат томонидан белгиланадиган ҳимоячи сизни кутилган даражада ҳимоя қилолмайди.

Тинтувдан кейин сизни ҳибсга олишмаган бўлсалар-да, барибир адвокат билан маслаҳатлашинг.