Eurasia.net нашри Марказий Осиё давлатларининг пул бирликлари умумий манзарада қадрсизланиб бораётгани ҳақида ёзмоқда.

Нашрнинг маълум қилишича, Россия рублининг ойлар давомида қадрсизланиб бораётгани Марказий Осиё давлатларининг миллий валюталари қийматига ҳам ўз таъсирини ўтказган.

20 август куни Ўзбекистон Марказий Банки валюта айирбошлаш курсини бундан буён назорат қилмаслиги ва сўмнинг эркин сузишига имкон беришини эълон қилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги тижорий банклар ва айирбошлов бюроларига хорижий валютани аҳолига нақд кўринишда сотиш имкони ҳам берилган.

Eurasia.net нашрининг ёзишича, қўшни Тожикистонда ҳам 20 август куни миллий валюта - сомонийнинг доллар нисбатан қадри бир кун аввалги 9.43 дан 9.70 га тушиб кетган.

Тожикистон Миллий Банки ушбу қарор расмий ва қора бозор курси ўртасидаги тафовутни камайтириш ҳамда одамларни хорижий валютани банкларда айирбошлашга рағбатлантириш йўлида олинганини билдирган.

Eurasia.net нашри Тожикистон ҳукуматининг мазкур амали мавжуд вазиятга сезиларли ижобий таъсир ўтказмагани ҳақида ёзмоқда.

Нашрга кўра, 20 август куни қора бозорда 1 АҚШ долларини 9.9 сомонийга алмаштиришган ва одамлар ҳануз банклардан кўра кўчадаги саррофлар билан иш қилишни афзал билмоқда.

Тожикистон Миллий Банки сомонийнинг қадри тушиб кетаётганини салбий савдо мувозанати, яъни экспортдан кўра импорт миқдорининг кўплиги, четдан валюта кам келаётгани ва мамлакатда муомаладаги хорижий валюта массаси камайиб кетгани билан изоҳлаган.

Тожикистон статистика агентлиги 2019 йилнинг биринчи ярмида $570.6 миллионлик товар экспорт қилинган бир вақтда, импорт миқдори $1.57 миллиардга етганини маълум қилган.

Eurasia.net нашри қора бозорга у қадар қарам бўлмаган Қозоғистон ва Қирғизистонда доллар қадрининг кескин ошиб кетишидан кўра унинг қиймати босқичма-босқич кўтарилиб бораётгани ҳақида ёзмоқда.

Айни вақтда, қозоқ тенгесининг долларга нисбатан қадри тарихий қуйи даражага етган. Ҳозирда, 1 АҚШ долларини 386 тенгега алмаштириш мумкин.

Шу ойнинг бошида Қозоғистон ҳукумати кескин ўзгаришлар ва спекуляциянинг олдини олиш мақсадида валюта айирбошлов пунктларининг иш соатига нисбатан чекловлар жорий қилган эди.