2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ва ҳужжат топшириш жараёнига ўзгартиришлар киритилади. Бу ҳақдаги ҳужжат лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.

“Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳасига кўра, 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб амалдаги тартибни ўзгартирган ҳолда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади.

Шунингдек, 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилади. 1-бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган таълим йўналишига мос иккита фан киритилади.

Ёшларнинг она тили бўйича саводхонлигини ошириш ва аниқлаш мақсадида ёзиш кўникмаларини баҳолаш учун “Ўзбек тили”, “Рус тили”, “Қорақалпоқ тили” фанлари бўйича алоҳида синовлар ташкил этилади.

Киритилаётган ўзгаришларга кўра, абитуриентлар тест синовлари ва танловда иштирок этиш учун Давлат хизматлари марказлари орқали босқичма-босқич рўйхатдан ўтказилади.

Яна бир муҳим янгилик — олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг (ҳозир 202 730 сўм) миқдорида йиғим ундирилади. Жорий йил битирувчилари учун тест синовлари бепул асосда ўтказилади.

Тест ўтказилган куннинг эртасига абитуриентнинг фанлар бўйича тест синовидан умумий тўплаган баллари Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Абитуриентнинг синов натижаси бўйича олган бали тавсия этишга етарли бўлган олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)да ўқиш имконияти яратилади.

Ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги тест топшириқлари фақат лотин алифбосида тайёрланади.

Аввалроқ энг юқори баллнинг 30 фоизи ва ундан юқори баллни тўплаган абитуриентларга фанлар бўйича тест синовлари натижалари акс этган, 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат берилиши ҳақида хабар бергандик.

Кириш имтиҳонларидаги ўзгаришлар 2018 йилдан бошланган эди. Ўтган йили Ўзбекистонда тест синовлари 1-20 август кунлари ўтказилди. Натижалари эса ҳар кунлиги эълон қилиб борилди.