Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Россия соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова тиббиёт ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳамда бу борадаги янги лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт университетлари ўртасида қуйидаги келишувларга эришилган:

  • 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда Иван Сеченов номидаги Москва давлат тиббиёт университетининг филиали очилади.
  • Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкорлигида “Педиатрия иши” ва “Даволаш иши” таълим йўналишлари бўйича қўшма факультет;
  • Россиянинг Халқлар дўстлиги университети ва Тошкент давлат стоматология институти ҳамкорлигида “Дерматовенерология” йўналишида қўшма факультет;
  • Оренбург давлат тиббиёт университети ва Тошкент давлат стоматология институти ҳамкорлигида “Даволаш иши” ва “Клиник психология” йўналишида қўшма факультетлар ташкил қилинади.
  • Санкт-Петербург педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали биргаликда олтита: “Акушерлик ва гинекология”, “Болалар жарроҳлиги”, “Травматология”, “Педиатрия”, “Стоматология” ва “Онкология” йўналишларида халқаро факультетлар ташкил қилиши ҳам кўзда тутилган.

Россия тиббиёт университетларининг Ўзбекистондаги филиаллари очилиши Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган таълим форумида келишиб олинган эди. Форумда 130 та шартнома имзоланган, шулардан бир қисми, яъни 17 та лойиҳа жорий йилда амалга оширилади.

2019 йилда Ўзбекистон ва хориж давлатлари университетлари ҳамкорлигида 20 дан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

"Бу йил режалар жуда катта. Биринчидан, Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистонни таълим хабига айлантиришни режалаштирганмиз. Шундан келиб чиқиб, хориждаги элчихоналаримиз ёрдамида мурожаатномада президентимиз санаб ўтган давлатлар: Россия, Жанубий Корея, Италия, Ҳиндистон, Туркия ва Германия билан лойиҳаларни амалга оширишни бошладик. Лойиҳаларнинг аксарияти тиббиёт соҳасидаги таълим тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро стандартларга етказишга қаратилган", – деган эди Халқаро пресс клубнинг соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мавзусига бағишланган сессиясида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Аҳатов.