Ўзбекистонда кунига учдан зиёд одам ўзини ўлдиради. Аёлларга қараганда эркаклар кўпроқ ўз жонига қасд қилади. Маълум бўлишича, бундан Мирзиёев ҳам хабардор. Президент бу муаммога жиддий эътибор бериш, унинг олдини олиш чоралари бўйича топшириқлар ҳам берган. Бу ҳақда яқинда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг янги раисаси маълум қилган.

Энг сўнгги маълумотлардан маълум бўлишича эса, дунёда ҳар 40 сонияда битта одам худкушликка қўл ураркан. Бу йилига бир миллион киши, деганидир.

10 сентябрь Жаҳон ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг олдини олиш куни.

Сўнгги рақамлар Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг айни сана муносабати билан эълон қилган янги ҳисоботида келтирилган.

Давлатлар харитаси билан илова қилинаётган линк орқали танишишингиз мумкин.

Дуёнинг энг кўп худкушлик ҳоллари қайд этилаётган давлатлар ўнлигига эса, бир эмас, тўрт собиқ Шўро Республикаси кирган.

Россия юқори учликдан жой олган бўлса, Литва тўртинчи, Қозоғистон олтинчи ва Беларусь саккизинчи ўринни эгаллаган.

Қозоғистон бу рўйхатда юқори ўнликка кирган ягона Марказий Осиё давлати бўлган.

Маълум бўлишича, Қозоғистонда ҳар 100 минг кишига 40.1 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати тўғри келади.

Агар, Эльмира Боситхонова келтирган маълумотларга ишонилса, Ўзбекистонда бу рақам 5.2 кишини ташкил этади.

Ўзбекистонда ҳар йили 700 дан ортиқ эркак ва 600 га яқин аёл ўзини ўлдиради.

Сабаблар, омиллар...

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисаси июль ойида қилган чиқишида ҳозир ўз жонига қасд қилиш дунё миқёсида жамиятнинг глобал муаммосига айланиб қолганини айтган.

Литва (ҳар 100 минг кишига - 68,1 та), Беларусь (ҳар 100 минг кишига - 63 та), Россия (ҳар 100 минг кишига - 58 та), АҚШ (ҳар 100 минг кишига - 52 та), Шри Ланка (ҳар 100 минг кишига - 44 та) ва Украина (ҳар 100 минг кишига - 40 та) га оид рақамларни бирма-бир тилга олиб ўтган.

Ўзбекистон бўйича маълумотларга тўхталаркан, шу кўрсаткич (ҳар 100 минг кишига - 5.2 та) ҳам биз учун кўп, деган.

Бу муаммога жиддий эътибор бериш, унинг олдини олиш чоралари бўйича шахсан мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи топшириқлар бераётганини қўшимча қилган.

Аммо бу топшириқлар айнан қай бир идораларга берилаётгани ва уларнинг айнан нималардан иборат экани тафсилотларини очиқламаган.

Бу ҳақдаги расмий хабарларда бу маълумотлар кўзга ташланмаган.

Унинг чиқишидан Ўзбекистонда ҳозир аёллар(42,7 фоиз)га қараганда эркаклар(57,3 фоиз) ўзини кўпроқ ўлдириши маълум бўлган.

Аммо Элмира Боситхонова ўзбекистонликларни бугун айнан нималар ўз жонига қасд қилишга ундаётгани сабаб ва омилларига тўхталмаган.

Қўмита раисаси мазкур ҳолатларни глобаллашув даври билан изоҳлаган.

Глобализациянинг аянчли таъсирлари Ўзбекистонга етиб келиши мумкинлигидан хавотир туйишини билдирган.

Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар

Фото: GETTY IMAGES

Минтақада аҳолиси энг катта сонда (33 миллиондан ортиқ - таҳр.) бўлган Ўзбекистонда камбағаллик ва ишсизлик ҳануз анчайин долзарб турган муаммолардан бири бўлади.

Иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига таянган мамлакат аҳолисининг аксарияти чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади.

Худди шу манзарада Ўзбекистонда фермерликда банд фуқароларнинг ўз жонларига қасд қилишганига оид хабарларнинг сони ҳам ортгани кузатилади.

Энг катта (миллионлаб) сондаги фуқароларининг четда меҳнат муҳожирлигида банд экани билан Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан пешқадами саналади.

Устига устак, хотин-қизларга қарши маиший зўравонлик ҳоллари ҳам, йилларки, фаолларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Айниқса, бу борада хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси масаласига энг кўп диққат қаратилади.

Бундан ташқари, худди шу каби омиллар манзарасида Марказий Осиё давлатларининг барчасида бирдек малакали психолог хизматининг деярли йўқлиги ҳам кузатилади.

Ҳатто, шунда ҳам, ўз жонига қасд қилиш ҳоллари бўйича Марказий Осиёда энг юқори ўринларни Қозоғистон (ҳар 100 минг кишига - 40,1 та), Қирғизистон (ҳар 100 минг кишига - 14.8 та) ва Туркманистон (ҳар 100 минг кишига - 11 та) қайд этишган.

Ўзбекистон юқори тўртликни ёпган бўлса, минтақа давлатлари орасидан энг кам худкушлик ҳоллари Тожикистон (ҳар 100 минг кишига - 5,0 та) ҳисобига тўғри келиши маълум бўлган.

Қирқ йилдирки урушлар гирдобида бўлган Афғонистонда эса, бу рақамлар ҳар 100 минг кишига 10.6 тани ташкил этган.

Ўз жонига қасд қилиш ҳоллари дунёнинг барча йирик динларида кескин қораланади, мумкин бўлмаган, изн берилмайдиган иш сифатида кўрилади.

Сўнгги маълумотларда жаҳоннинг аксарият исломий ёки кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган бошқа давлатларида худкушлик ҳолларининг анчайин кам экани кузатилади.

Дейлик, Саудия Арабистонида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ҳар 100 минг кишига 4.6, Покистонда эса, ҳатто ҳар 100 минг кишига 3.0 тага тўғри келиши кўрилади.

Ўзбекистон илова барча Марказий Осиё давлатлари эса, дунёнинг аксарият аҳолиси мусулмон мамлакатлари саналишади.