21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум ўтказилади.

Форум мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва Ўзбекистонни мусулмон мамлакатлардан сайёҳлар кўпроқ келадиган зиёрат туризми марказига айлантириш мақсадида ўтказилмоқда.

Форум нима учун керак? Шундай қилинса, хорижий мамлакатлар Ўзбекистонни зиёрат туризми маркази сифатида тан олади. Ушбу имконият Бухоро декларациясини имзолаш билан расмийлаштирилади.

Япония, Тайланд, Жанубий Африка Республикаси, Корея Республикаси каби давлатлар зиёрат туризми борасида Ўзбекистоннинг янги ҳамкорларидир.

Ўзбекистонда ислом маданиятига тегишли меъморий ёдгорликлар ниҳоятда кўп. Бу эса доимо мусулмон давлатлардаги сайёҳларнинг қизиқишига сабаб бўлиб келади.

Ўзбекистоннинг жаҳондаги зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилиши ортидан мамлакатда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш ва туристлар оқимини сезиларли даражада кўпайтириш мумкин.

Форумда йигирмадан зиёд мамлакатдан уламолар, исломшунос олимлар ва сайёҳлик ташкилотлари вакиллари иштирок этади. Жумладан, Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Моҳд Асрий бин Зайнулобиддин, Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Рушан Аббосов, “Gunadarma” университети ректори, Индонезиядаги Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиси Эко Шри Маргианти, Деҳли шаҳридаги бош масжид имоми Саид Бухорий каби нуфузли шахслар қатнашади.