Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисидаги қонун мавжуд бўлмаган ягона давлат ҳисобланади. Аммо жорий йилнинг апрел ойида шундай қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, аммо аҳоли томонидан турлича қабул қилинди.

«Тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунга қарши бўлганлар мамлакатда гендер тенглик учун шароит яратилгани ва бу конституциянинг 18-моддасида мустаҳкамланганини таъкидламоқда:

«Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар».

Де-юре ҳамма тенг ҳуқуқли, аммо реал ҳаётда тенликка риоя этиладими? Гендер тенглик даражаси бўйича Ўзбекистон жаҳон рейтингида 127-ўринни эгаллайди. Бу эса МДҲ давлатлари орасида энг паст кўрсаткичдир. Ҳозирга қадар мамлакатда аёллар эркакларга қараганда кам пул топади, кам ўқимишли ва кам ҳуқуқли. Қарор қабул қилиш даражасидаги бошқарувда аёллар улуши 2 фоиздан кам.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг сўзларига кўра, «бўлғуси раҳбар кадрларни президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тайёрлайди, аммо номзодлар вазирликлар томонидан таклиф этилади. Рўйхатдаги 10 нафар номзоднинг фақат биттаси аёл киши бўлиши мумкин ёки аёллар рўйхатда умуман бўлмайди».

«UReport»нинг ёшлар орасида ўтказган сўровида респондентларнинг 66 фоизи қизларнинг етук мутахассис сифатида шаклланишига ишонишларини билдирган. Сўров қатнашчиларининг фикрига кўра қизларни ишга жойлаштиришдаги энг жиддий муаммо гендер стереотиплари ҳисобланади: меҳнатнинг субъектив равишда аёллар ва эркаклар меҳнатига бўлиниши ва аёлларнинг жамият томонидан қўллаб-қувватланмаётгани. Сўралганларнинг 43 фоизи аёлларнинг ўз оиласи томонидан қўллаб-қувватланмаётгани муаммосини, 21 фоизи эса аёлларнинг ўзлари ишга жойлашишни хоҳламаслигини таъкидлаган.

Узоқ йиллар мобайнидан Ўзбекистон оила қадриятларини тарғиб этиб келади. Ушбу сиёсатнинг тескари тарафи – оиладаги зўравонликларни оқлаш. «UReport» ташкикотига кўра сўровда қатнашганларнинг 83 фоизи оилада зўравонлик мавжудлигини тан олади, аммо уларнинг 54 фоизи оилани сақлаб қолиш учун калтаклар ва ҳақоратларга эътибор бермаслик кераклигини таъкидлашган, чунки ҳамма нарса содир бўлган вазиятга боғлиқ экан.

Шу билан бирга, айнан эркаклар кўпроқ зўравонлик тарафдори – 74 фоиз. Оилада зўравонлик муаммосини тан олган аёлларнинг 52 фоизи эса жамият ушбу зўравонликлар ҳақида жим туришни маъқул кўришини айтган.

Эркакларга нисбатан камситиш борми?

1995 йилда Ўзбекистон хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга (CEDAW) аъзо бўлган. Ушбу конвенциянинг бешинчи моддасида гендер стереотиплари билан курашиш зарурлиги алоҳида айтиб ўтилган:

«Аёллар ва эркакларнинг ижтимоий ва маданий хатти-ҳаракат моделларининг жинсий норасолик, жинсий устунлик ёки аёл ва эркакларнинг стериотип ролига асосланган урф-одат ва бошқа ҳолатларни ўзгартириш».

Конвенциянинг тўртинчи моддасида эса «аъзо давлатлар томонидан эркаклар ва аёллар ўртасида тенгҳуқуқлиликни ўрнатишни тезлаштиришга қаратилган вақтинчалик махсус чоралар қабул қилиш” белгиланган.

Бундай махсус чоралар ижобий дискриминация (аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус дастурлар яратиш), қизлар учун грант ва стипендиялар ҳамда аёллар учун турли квоталар ажратишни назарда тутади. Конвенцияга биноан бундай чоралар дискриминацион ҳисобланмайди ва аёллар ва эркаклар ўртасида тенг имконият ва муносабатларга эришилганда бекор қилиниши керак.

Аммо баъзи ўзбекистонликлар янги қонун нормаларини шундай деб ҳисоблайди. Ушбу ҳужжат муҳокамаси чоғида қуйидаги фикрлар билдирилган:

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари ва Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева салбий фикрлар жамиятдаги гендер стереотипларининг мавжудлигидан далолат эканини таъкидлади:

«Ушбу қонун эркакларга қарши қаратилмаган, бу ҳатто унинг номида ҳам акс этган. Қонун эркаклар ва аёлларнинг гендер тенглигини кафолатлашга, ҳар иккала жинс учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган. Ўзбекистон конституциясида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги мустаҳкамланган, барча кодекс ва қонунлар фуқароларнинг жинсидан қатъи назар тенглигини кафолатлайди ва бу дискриминация қилмаслик тамойили ҳеч кимда норозилик уйғотмайди».

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукумати йиғилишларидан олинган фотосуратларда қатнашчиларнинг асосий қисми эркаклар эканини кўриш мумкин. Мамлакат ҳукумати таркибида аёллар жуда кам. Иқтисодиёт, фан, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда ҳам вазият шундай.

Ҳатто расмларда ҳам жуда кам ёки умуман йўқ. Бу эса ўз навбатида муайян «эркаклар» ва «аёллар» фаолият соҳаларининг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Қонун лойиҳасида шундай дейилган: «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид урф-одатлар, анъаналар ва маданиятга асосланган хулқ-атворга йўл қўйилмайди». Махсус чоралар жамиятда аёллар ролининг анъанавий тушунчасини ўзгартиришга қаратилган. Улар янги рол моделларини яратадилар, қизлар ва аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини ва гендер стереотипларини ўзгартиришни рағбатлантирадилар.

Ушбу қонун қандай амалга оширилади?

Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоеванинг айтишича, қонун лойиҳаси икки ой ичида, яъни жорий йилнинг май ойи ўрталаригача ишлаб чиқилиши керак. Шундан сўнг у барча манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиб олинади ва ҳукуматга, кейин эса Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим этилади. Шундан сўнг бир қатор норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

«Бироқ ўзгаришлар ҳақида ва улар айнан қайси қонун ҳужжатларига киритилиши ҳақида фақатгина лойиҳа якуний варианти тузилганидан кейин гапириш мумкин. Шуниси аниқки, қонун бузилиши учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Бу нарса бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда эътиборга олинади», – дейди Норбоева.

Ўзгартиришлар ва қўшимчалар керак, бусиз қонун ишламайди. Масалан, Ўзбекистоннинг амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ариза берувчини жинсига қараб ишга омаслик ҳолатини тартибга солувчи модда йўқ.

«Оилавий муносабатлар соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш» деб номланган 28-модданинг киритилиши ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Айниқса уйдаги меҳнат билан боғлиқ жойи: «Уйдаги меҳнат жинси бўйича камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас, у эркаклар ва аёллар томонидан тенг даражада бажарилади».

Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра ишчи гуруҳда ҳар икки жинснинг уй ишларида тенг қатнашиши ҳақидаги лойиҳа қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, «Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоизи оилада эркаклар пул ишлаб топиши ва аёллар уй ишларини қилиши ва болаларга қарашининг тарафдори. Аҳолининг 93 фоизи эри ишламаётган тақдирда ҳам аёл уй юмушларини танҳо ўзи бажариши кераклиги ҳақидаги қарашни қўллаб-қувватлайди».

Қозоғистон тажрибаси

Қозоғистонда эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларининг давлат томонидан кафолатланиши тўғрисидаги қонун 2009 йилда қабул килинган. Уч йил ўтгач президент Нурсултон Назарбоев халққа қилган мурожаатида шундай деди:

«Биз аёлга – онага, хотинга, қизга сўзсиз ҳурматни қайтаришимиз керак. Мени аёллар ва болаларга нисбатан оиладаги зўравонликларнинг кучайиб бораётгани хавотирга солмоқда. Аёлларга нисбатан ҳурматсизлик бўлиши керак эмас».

Ўшанда у «мамлакатда гендер камситишга йўл қўймаслик ва амалда эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таьминлашни» буюрган эди. Аммо кейин ҳам вазият ўзгармади.

2012 йилда Қозоғистонда аёлларга нисбатан 108 752 та зўравонлик жинояти содир этилган ва 1905 нафар аёл жинсий жиноят қурбонига айланган. 2016 йилда эса аёлларга нисбатан 124 298 та зўравонлик жинояти содир этилган ва 2672 нафар аёл жинсий жиноят қурбони бўлган.

"Жимтурмаkz" жамоат фонди директори Дина Смаилованинг сўзларига кўра, аёлларга нисбатан зўравонлик даражаси маиший жиноятларни жиноятлар тоифасидан чиқариш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши билан боғлиқ:

«Қонун шахсга нисбатан ўртача оғирликдаги жиноят содир этилганда зўравонга ярашиш ҳуқуқини бериб хотин-қизларнинг ҳуқуқларини камситади. Қозоғистонда жинсий зўравонликларнинг 99 фоизи эркаклар томонидан амалга оширилади, яъни эркаклар аксарият ҳолларда аёлларни зўрлаш ва калтаклашдан сўнг пул тўлаб жавобгарликдан халос бўлиш ҳуқуқига эга. Бу эса аёлларнинг ҳуқуқ ва кадр-қимматини очиқ-ойдин таҳқирлашдир».

Шу билан бирга, қарор қабул қиладиган ва Қозоғистонда яшаш муҳитини шакллантирадиганларнинг асосий қисми эркаклардир. Аёллар сони эса жуда кам:

  • Гулшара Абдухолиқова 2019 йил феврал ойида бош вазир ўринбосарлигига тайинланди.
  • Фақат битта аёл – Қулаш Шамшидинова таълим ва фан вазиридир.
  • Мажлисда 2018 йилнинг ўрталарига келиб 107 нафар депутатдан 26 нафари аёллар, Сенатда эса 47 нафардан фақат 5 таси аёл киши.
  • Биронта вилоят ёки вилоят аҳамиятидаги шаҳарда аёллар раҳбар эмас.

Смаилованинг сўзларига кўра конституция, меҳнат, уй-жой, ижтимоий, жиноий, жиноий-процессуал қонунчиликнинг гендер экспертизаси ва уни қўллаш тажрибаси ўрганилганда Қозоғистонда жинслар ўртасидаги тенглик тамойилларининг ҳам қонунчиликда, ҳам амалда бузилиши кенг тарқалгани аён бўлди:

«Жамият фикри қонундан устунлик қилмоқда. Бу фикр патриархал қарашларга асосланган бўлиб, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан 10 йил ўтиб ҳам ўзгармасдан келмоқда».

Нима қилиш керак?

Дина Смоилованинг ишонишича, жамоатчилик фикрини ўзгартириш учун аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг қонунларни ишлаб чиқишдаги, сиёсий доиралардаги иштирокини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни гендер экспертизадан ўтказиш ва уларга ўзгартиришлар киритиш зарур.

Танзила Норбоеванинг фикрича, ушбу қонун қоғозда қолиб кетмай амалда қўлланган тақдирдагина гендер тенгликка эришиш учун самарали воситага айланади:

«Шунинг учун, биринчи навбатда, қонунда унинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш, аниқ ва иккиламчи маънога эга бўлмаган тушунчалардан фойдаланиш керак. Иккинчидан, қонун нормалари тўғридан-тўғри таъсир кучига эга бўлиши шарт. Учинчидан эса қонуннинг нотўғри талқин этилиши ва нотўғри қўлланишига йўл қўймаслик учун аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш зарур».

Норбоеванинг таъкидлашича, агар аёллар парламентдаги ўринларнинг 10 фоизини эгалласа бу болалар, қариялар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларини ҳимоя қиладиган қонунларни қабул қилишни осонлаштиради. Агар 20-30 фоизини эгалласа ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, миллат саломатлигини мустаҳкамлаш ва қашшоқликни бартараф этишга йўналтирилган лойиҳа ва дастурларни тезроқ амалга ошириш мумкин бўлади.

Унинг сўзларига кўра, аёллар саводхонлигини ва уларнинг давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятини ошириш жамиятни ривожлантириш ва давлатнинг иқтисодий фаровонлиги учун зарур шароитларни яратади.

Ирина Матвиенко

Ушбу мақоланинг асл нусхаси CABAR.asia таҳлилий платформасининг веб-сайтида нашр этилди.