Ўзбекистон тарихида биринчи марта инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 38 фоиздан ошди. Олдинги йилларда бу кўрсаткич 25 фоизга ҳам етмасди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни ўтган 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларига бағишланган йиғилишда билдирди.

Йиғилишда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, ёқилғи-энергетика, қайта ишлаш саноати ва агросаноат тармоқларини модернизация қилиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳаларни яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари муҳокама қилинди.

Президент жорий йил охирига қадар Навоий кон-металлургия комбинатида 25 та, “Ўзэлтехсаноат”да 18 та, “Ўзавтосаноат”да 7 та, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 5 та инвестиция лойиҳаси бўйича янги қувватлар ишга туширилишини жадаллаштириш бўйича тавсиялар берди.

"Охирги бир йилда ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улуши 26 фоиздан 30 фоизга етган бўлса-да, бу биз бошлаган ислоҳотлар кўламига нисбатан ҳали етарли эмас", – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда таъкидланишича, 2019 йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот 5,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 фоизга ўсган.

Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,6 триллион сўмдан зиёд ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолдирилди.

Бюджет даромадлари қарийб 51 триллион сўмни ёки прогнозга нисбатан 109 фоизни ташкил этди.