Ўзбекистон инвестицияни жалб қилишда Бирлашган Араб Амирликларидан андоза олмоқчи. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишлаб 13 майда ўтказган йиғилишда айтилган.

"Тараққий этган мамлакатларда инвестициялар жалб этиш бўйича тажриба Бирлашган Араб Амирликлари мисолида кўриб чиқилди", – деб айтилади президентнинг матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Нега айнан БАА: Ўзбекистон табиий ресурслар экспортига суяниб қолмаган, барқарор ва диверсификациялашган иқтисодни қурмоқчи. БАА мана шунинг уддасидан чиққан, бир авлод ҳаёти давомида инвестицияларни жалб қилувчи энг катта марказга айланган. Хусусан, Дубайни "чўлдаги Сингапур" деб аташади, чунки худди Сингапурдек Дубай ҳам давлат назоратида катта иқтисодий ўсишга эришди. Мамлакатнинг фаол, узоқни кўра билувчи раҳбарияти бу кичик шаҳарларни муҳим халқаро марказга айлантирди.

БААдан Ўзбекистон нималарни ўрганмоқчи: БАА мутахассислари Давлат бошқаруви академиясига келиб ёки онлайн энг замонавий ёндашув ва иш юритиш услубларини соҳа ва тармоқлар фаолиятига жалб этишни ўргатишади.

  • 5 май куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация давлат бошқарув тизими самарадорлигини оширишда БАА тажрибасидан фойдаланиш ҳақида БААда музокаралар олиб борган эди.
  • Вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқарув органлари ва таълим муассасаларининг 60 нафар вакилидан иборат Ўзбекистон делегацияси "Давлат бошқарув тизими самарадорлигини ошириш" ҳукуматлараро дастури ишчи гуруҳларининг иккинчи йиғилишида иштирок этган.
  • Улар БААнинг давлат бошқаруви тизимини яратишга доир тажрибасини ўрганиш ва келгусида Ўзбекистонда муқобил концепция жорий қилиш, турли йўналишлар бўйича 2019-2020 йиллар учун "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни;
  • БАА томони янги иш моделларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишга оид муваффақиятли тажрибаси билан бажонидил бўлишишини маълум қилган.

Йиғилишда яна нима гап бўлди: тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш жуда сустлиги, улкан молиявий имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Эришилган келишувлар ва қўшма лойиҳалар ижросини ўз вақтида ва сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.