Ўзбекистон Эрон билан Мозори шариф – Ҳирот темирйўлини қуришни муҳокама қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг 1 майда хабар қилишича, бу мавзу ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Эрон олий руҳонийсининг махсус вакили Камол Харрози ўртасида Тошкентда ўтган учрашувда кўтарилган.

Бу ўзбек мутахассислари қурган Ҳайратон – Мозори шариф темирйўлининг давоми бўлиши керак. Мазкур йўл Ўзбекистоннинг товар айирбошлаш ва транзит имкониятларини оширишга хизмат қилади, мамлакат Эрондаги Бандар Аббос ва Чобаҳор бандаргоҳларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлади.

Мозори шариф – Ҳирот темирйўлининг барпо этилиши Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Эрон транспорт коридорини яратишда муҳим босқич ҳисобланади.

Мозори шариф – Ҳирот темирйўли нимаси билан муҳим?

  • Энг муҳими, бу йўл Марказий Осиё давлатларига Эрон орқали Ҳинд океанига чиқиш имконини беради.
  • Минтақадаги давлатларга Афғонистонда ўзаро рақобат ўрнига ҳамкорлик қилишга кучли рағбат бериши, савдо-иқтисодий муносабатларни жадаллаштириши мумкин.
  • Эроннинг Чобаҳор ва Бандар Аббос бандаргоҳларига чиқилиши Ҳиндистоннинг Марказий Осиё бозорига кириб келишига кенгроқ шароит яратади. Бу давлатнинг Чобаҳор бандаргоҳи инфратузлмаси қурилишига 500 млн АҚШ доллари ажратгани бежиз эмас.
  • Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Эрон (3500 km) йўли Хитой билан Эронни ҳозир боғлаётган денгиз йўлидан (13800 km) тўрт баробар қисқароқ бўлади. Мозори шариф – Ҳирот темирйўлининг барпо этилиши ўз навбатда Афғонистондан товарларни уч кун ичида Андижон орқали Хитойга олиб бориш имконини беради.

Бу Ўзбекистоннинг "географик қамал"дан чиқиб кетиш учун қилаётган ягона қадами эмас.

2017 йил декабрида ташқи савдо йўлларини диверсификация қилиш учун Ўзбекистоннинг транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинди. Дастурда халқаро транпорт йўлакларини қуриш учун:

  • Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон,
  • Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой,
  • Эрон, Покистон бандаргоҳларига чиқиш учун Афғонистон орқали транспорт йўлагини қуриш учун битимлар имзолаш кўзда тутилган.

2017 йил март ойида президент Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон йўлининг муҳим қисми бўйича илк қадам ташланган.

  • Туркманобод – Фароб темирйўли ва Амударёга қурилган кўприк очилди.
  • Бу Ўзбекистон – Туркманистон – Каспий йўналиши орқали Боку – Тбилиси – Карс темирйўли, Грузиянинг Қора денгиз бандаргоҳи, Туркия, Руминия ва Европага чиқишга умид уйғотди.

Қирғизистон орқали Хитой – Марказий Осиё темирйўлини қуриш бўйича 20 йилдан буён давом этаётган музокараларда жиддий силжиш бўлди.

  • 2017 йил 25-27 декабрь кунлари Ўзбекистон, Қирғизистон, Хитой вакиллари ўртасидаги уч томонлама учрашувда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўлини қуриш лойиҳаси ижроси бўйича амалий қарорлар қабул қилинди.
  • Ушбу йўл ишга тушса, Транскавказ йўлаги орқали Жануби-шарқий Осиёни Европа билан боғлаш имкони пайдо бўлади.