Ўзбекистон Афғонистонни электрлаштиришга $45 млн беради. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов афғон ҳамкасби Абдулла Абдулла билан Мозори Шариф шаҳрида ўтган учрашувда айтган деб хабар беради TOLOnews.

Афғонистоннинг иккинчи энг катта шаҳарида учрашган Арипов ва Абдулла иқтисодий алоқаларни кенгайтиришни, хусусан Термиз шаҳрига афғон савдогарларини визасиз киритиш таклифини муҳокама қилдилар.

"Ўзбекистон қиймати $110 млн бўлган «Сурхон-Пули Хумри» электр узатиш линияси қурилишига $45 млн беради", – деган Ўзбекистон бош вазири.

Афғон ҳукумати ўзбек инвесторлари учун шароит яратишни ваъда қилди ва ўзбек томонидан афғон инвесторлари учун ҳам худди шундай имкониятлар яратиб беришни сўради.

Бугун Ўзбекистон Афғонистоннинг йирик шимолий вилоятларига электр энергияси етказиб берувчи ягона мамлакатдир.

  • Афғонистоннинг энергияга талаби ошиб бориши инобатга олиниб, қуввати 500 кВт бўлган «Сурхон-Пули Хумри» электр узатиш линиясини қуриш ҳақидаги битим 2017 йилда имзоланган. Тахминан 250 км узунликдаги электр узатиш линиясини қуриб битказиш деярли $110 млнга баҳоланмоқда.
  • Лойиҳа ишга тушиши билан электр энергиясини экспорт қилиш ҳажми йилига 8 млрд кВт-соатга ошиши мумкин.

“Ўзбекэнерго” Афғонистонга 2007 йилдан бери электр токи етказиб беради. 2009 йилда бунинг учун 43 км.лик электр узатиш линияси ишга туширилиб, у Сурхондарё вилоятини Ҳайратон шаҳри билан боғлаган эди.

  • 2014 йилда бошланган «CASA-1000» халқаро лойиҳаси 2020 йилда ишга тушса, Қирғизистон ва Тожикистондан ҳам ортиқча 1300 МВт электр энергиясининг 1000 мегаватти Покистонга, 300 мегаватти Афғонистонга етказиб берилади.