Бир гуруҳ фаолларнинг vesti.uz сайтида рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиқиши ижтимоий тармоқларда ўзбек зиёлиларининг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг фикрича, бу таклиф уюштирилган ташаббусдир.

"Уларнинг ич-ичларида ўриспараст экани аниқ, лекин ташаббус ўзларидан чиққанига шубҳа бор. Агар тепароқдан имдод бўлмаса, ўзлари юрак ботиниб саза чиқаролмаган бўларди. Аёнки, бу – УЮШТИРИЛГАН ташаббус. Ортида кимлар турганини фақат гумон қилиш мумкин. "Ташаббус" ортидан расмийроқ жавоб чиқиши билан уларни аниқ-таниқ билиб оламиз", – дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

"Фейсбук"дан скриншот.

Ёзувчи ушбу таклиф узоқ келажакда содир бўлиши мумкин бўлган сиёсий ўйинлар учун дастак этилишини айтди, таклифга "миллий ғурур билан ўйнашиш" деб баҳо берди:

"Миллий ғурур билан ўйнашиб бўлмайди. Кимларгадир шунчаки ивирсиқ ва сассиз оломон бўлиб кўринаётган одамлар бир-икки кунда ориятли халққа айланиб, ўзбек тилининг баланд оҳангларини намойиш этиши ҳам мумкин".

Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам эса мақоладаги биттагина жумлани алоҳида таъкидлашини айтди:

"Кимнинг тили қайси миллат тилида чиқса, у ўша миллатга мансуб бўлади”. Чиндан ҳам мурожаатга имзо қўйганлардан кимларни оз-моз билсам, улар русийзабон эканлар. Мана, кўрдингизми энди болаларимизга бошланғич таълимни ўзга тилларда бериш қандай натижаларга олиб келишини! Бу борада ҳам улуғ жадид Чўлпон нақадар ҳақ экан! Тарих – биз “кундалик”ка “беш баҳо” олиш учун ёзилган китоблар эмас, балки, аввало сабоқ чиқариш зарур бўлган кўзгу эканлигини унутиб қўйдик чамаси".

Журналист Паҳлавон Содиқ урғуни рус тилига эмас, ўзбек тилининг ривожига қўйишни айтди.

"Рус тили Евросиёдаги энг йирик тил, дунёда 300 млн.га яқин одам гапирадиган бой тиллардан биттаси. Буни ҳеч ким савол остига олаётгани йўқ.
Рус тили сиз билан менга ўхшаган ўзбекнинг болалари қайғурмаса ҳам йўқолиб кетишга маҳкуммас. Аммо бизнинг она тилимиз ривожланмай қолиб кетиши эҳтимоли бор.
Шунинг учун рус тилига расмий мақом беришдан кўра, ўзбек тилини замонавий илм-фан тилига айлантириш ҳақида ўйлашимиз керак. Ўзбеклар Россияда учинчи катта миллатга айланишига мен шубҳа қилмайман", – дейди журналист Паҳлавон Содиқ.

Блогерлар ҳам таклифга муносабатини билдирди.

"Мен тил билмаганим орқасидан анча имконларни бой берганман, бу хатомни фарзандим такрорлашини хоҳламайман, уни рус синфига бермоқчиман, инглиз тилини чуқур ўрганишига имконият қилиб бераман. Лекин мен ЎЗБЕК тилим билан биргаликда бошқа тилни расмий тил сифатида кўришга, эртага зўр бир кадр борса-ю рус тилини билмагани сабабли ишга олинмаслигига ёки дейлик ўзи шундоқ ҳам асосий қарорлар аввал русчада чиқиб, тилбилмаслар учун вақти бўлганда ўзбек тилига чала-чулпа таржима қилиниб чиқарилаётган ва ёки умуман чиқарилмай қўяётган (расмий тил ЎЗБЕК тили бўлган ҳолда ҳам!) шундай пайтда рус тилини РАСМИЙ тил қилишга бор жону таним билан қаршиман. Ўша йигирматалик фақат исм-фамилияси ўзбек бўлганларга айтар гапим: миллатим тилини тинч қўйинглар",дейди Исроил Тиллабоев.

Тарихчи Шоҳиста Ўлжаеванинг фикрича, "Европага, АҚШга, Туркияга, Японияга бориб рус тилида сўзлашдан кўра ўзбек тилида сўзлаб таржимон орқали етказган маъқул. Кўпчилик адлия вазиридан ўрнак олсин. Тил билиш жуда яхши, рус, инглиз ва бошқа тилларни ўрганаверайлик. Фарзандларимизга камида икки-учта тил ўргатишга ҳаракат қилайлик. Битта ўзбек тилини билиши кишини бугунги глобал дунёда чекловларга, тор доирага солиб қўйиши мумкин. Тилни ўрганиб ўз соҳасини билмайдиган мутахассис бўлиш ҳам яхши эмас. Азалдан ота-боболаримиз икки-уч тилда бемалол сўзлашишган. Бугунги кунда ўзбек тилини мустаҳкамлаш ва унга эътиборни кучайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши керак".

Рус тили расмийлашуви таклифига тадбиркорлар таклиф билан жавоб беришди.

"Бироқ ҳар томонлама мантиққа зид ушбу манифестни ўқий туриб топа олган ягона бир кичик ижобий жиҳатим: давлат тилимизни шунчалик абгор ҳолатга келтириб қўйганимизни англашимизга, халқ маорифи, савиямиз шу қадар саёзлашиб кетгани, бизнинг юзимизга бунга (сабаб сифатида) рус тилидан ажраганимизнинг солиниши барча тилпарвар, халқпарвар ҳамюртларимизга ўзига хос жуда ёрқин чақириқ. Фарзандларимизга илм берайлик, уларни фанлар ва илм ўрганишга, чет тиллар, шу жумладан, рус тилини ҳам ўрганишга чорлайлик. Бундай қилмасак, нафақат ўз тилимиз, ҳатто миллат сифатида ўзимизнинг келажагимиздан ҳам ажраламиз",дейди Зафар Ҳошимов.

"Фейсбук" фаоли Бахтиёр Шералиев мурожаат муаллифларини ўзбек халқига туҳмат қилишда айблади:

"Мақолада келтирилган важларни қарасангиз бир жаҳлингиз чиқади, бир энсангиз қотади, бир орингиз келади. Уларнинг даъво қилишича, рус тили туфайли ўзбек халқи дунёни танибди, жаҳонни танибди. Во дариғ, руслар ўзбеклар ёки тожиклар устига ҳукмрон бўлгунча бу халқ қолоқ эдими? Навоий ҳам рус тилида ёзганмиди? Бобур ёки Машраб рус эдими? Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчилар рус эдими? Ўзбек ва тожик халқининг ўтмиши жуда қадим, ҳар иккисининг илмий ва адабий мероси дунёдаги бирор бир халқ меросиникидан ортиқ бўлса борки, асло кам эмас. Мурожаат муаллифлари мана шу ерда ўзбек халқига жуда катта туҳмат қилибди".

"Албатта, рус тилини ўрганишни кенгайтириш кераклигини айтаяпмиз. Лекин давлат тили қилиб олиш (юмшоққина "расмий нуфузини ошириш ва тасдиқлаш" дейишаяпти) – бошқа масала. Бу томондан инглиз, хитой, турк, тожик, қорақалпоқ тилларини ҳам давлат тили қилиб олармиз? Уларгаям сабаб топилади. Айни пайтда она тилимиз нуфузини ҳимоялаш учун рус миллатини ҳақорат қилиш ҳам яхши эмас", – дейди "Фейсбук" фаолларидан бири Абдуғафур Сатимов.

Навоийшунос Олим Давлатов жамиятда плюрализм бўлиши керак деб ҳисоблайди:

"Шундай фикрлайдиганлар бугунги жамиятимизда бор ва улар ҳам ўз фикрини баён этишга ҳақли. Мени хурсанд қиладиган бошқа нарса бўлди – имзо қўйганлар ичида ёшлар йўқ. Аксинча, мақола мазмунига салбий муносабат билдирганларнинг кўпчилиги ёшлар. Демак, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 65 фоизини ташкил этадиган ёшлар бу таклифни қўллаб-қувватламайди.

Мақола муаллифлари рус тилига расмий мақом бериш учун биринчи сабаб сифатида Ўзбекистон аҳолисининг муайян қисми русийзабон бўлганини қайд қилиб, “жаҳон тажрибаси” сифати Финляндия ва Швейцариядаги аҳволни мисол келтиришган. Муаллифлар негадир бу масалада Ўзбекистон ва Россиянинг ўзидаги миллатлараро муносабатлар сиёсатини назардан соқит қилади. Маълумот учун эслатишни лозимки, Ўзбекистонда таълим ўзбек, тожик, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, туркман ва рус – жами етти тилда олиб борилади. Қардош халқлар (жумладан, русийзабон аҳоли) ўз она тилида таълим олиши учун барча шароитлар муҳайё. Россияда эса аҳвол бутунлай бошқача. Миллий республикаларда соатлари чекланган она тили ва адабиёт дарсларидан бошқа барча фанлар рус тилида ўқитилади. Иқтисодий имкониятлари Ўзбекистондан кўра кенгроқ бўлган Россия нега миллий мактабларнинг ривожига тўсқинлик қилади? Менинг назаримда, тил сиёсати масаласида Россия Ўзбекистондан ўрганадиган нарсалар кўп.

Муаллифларнинг талабига кўра, “Давлат тили ҳақидаги қонун”да рус тилига “миллатлараро мулоқот тили” сифатида расмий мақом беришни таклиф қилишмоқда. Савол туғилади: Ўзбекистонда ўзбек билан қирғиз, тожик билан туркман, озарбайжон билан қорақалпоқнинг ўзаро мулоқот тили айнан рус тили бўлиши лозимлигини “қонунийлаштириш” мантиққа қанчалик тўғри келади?! Бухоро ва Самарқанд, Ургут ва Денов бозорларида тожиклар ўз тилида, ўзбеклар ўз тилида гаплашиб, бемалол савдо-сотиқ қилаётгани, мулоқот учун айнан рус тилига зарурат бўлмаган ҳолатларни кўп кузатганмиз".

Журналист Парвина Омонованинг фикрича:

"Бугун Россия "дунёнинг қаерида бўлмасин рус халқига мансуб ҳар бир шахс бизнинг ҳимоямизда" демаяптими? Украина шунинг учун ҳам тил ҳақидаги қонун учун бутун дунё ҳамжамияти билан курашмаяптими? Давлат тилимизни ҳурмат қилишни бошлашимиз учун бизнинг ҳам бошимиз шу деворга урилиши шарт эмас-ку. Мақолани ўқийсану қўрқиб кетасан киши, Аллоҳ асрасин, бизнинг бошимизга шундай кун тушса, "Руслар бизга бегона эмас" сарлавҳали мақолалар чиқмаслигига ким кафолат беради?".

Адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов "аллақайси раҳнамоларининг даъватими, рағбатими билан, бир гуруҳ шахслар Ўзбекистонда рус тилини расмий тил даражасига кўтариш, “Давлат тили ҳақида”ги қонунга ўзгартиш киритиб, унга ўзбек тили каби ҳуқуқий мақом бериш таклифи билан чиқиши" хавотирли эканини таъкидлайди:

"Биздаги реал вазият шундайки, рус тилига “расмий тил” мақоми беришга йўл қўйилса, қоғозда – иккитиллилик, амалда эса рус тили яна тахт устига минди деяверинг. Бусиз ҳам кўп маҳкамаларда рус тилида иш юритилаяпти. Шунинг учун ҳам бу таклиф-ташаббус зимнида ниҳоятда манфур бир таҳдид ётибди. Қолаверса, Ўзбекистонда аҳолининг 80 фоиздан ортиғи ўзбек. Қолганлари тожик, қозоқ, қирғиз ва ҳоказо. Руслар эса 2,3 фоиздан ҳам камроқ. Шундай бир ҳолда бундай таҳликали ташаббус ҳар қандай мантиқдан холидир, у она халқини севган, мамлакатини ҳар томонлама озод ва гуллаб-яшнаган ҳолда кўришни орзу қилган кишиларни хавотирга солиши табиий".